Отанинг «зиёфат»и чойхонада тугади: 84 миллион сўмлик алиментдан қочган қарздор ушланди
Фарзанд таъминоти — бу нафақат қонуний, балки инсоний ва виждоний бурчдир.
Афсуски, орамизда ўз жигарбанди олдидаги масъулиятдан қочиб, мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб юрган шахслар учраб туради. Бироқ, қонун ва одил судловдан яширинишнинг иложи йўқ: қарздор қаерда бўлишидан қатъи назар, эртами-кечми барибир жавобгарликка тортилади.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси Булунғур туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига кўра, қарздор А.Қ. узоқ вақт давомида фарзанди учун алимент тўламасдан келган. Оқибатда унинг қарздорлик миқдори 84 миллион сўмдан ортиб кетган. Мажбуриятдан қочиб, яширинган қарздорга нисбатан белгиланган тартибда қидирув эълон қилинди.
МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси Қидирув шўъбаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари кутилган натижани берди. Қидирувдаги шахс Жиззах вилоятидаги машҳур чойхоналардан бирида дўстлари билан зиёфат уюштирмоқчи бўлиб турган вақтида аниқланиб, қўлга олинди.
Фарзандининг ҳақидан қочиб, чойхоналарда маишат қилмоқчи бўлган қарздорга нисбатан қонуний чора кўрилди. Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг қарорига асосан, алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган А.Қ.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Суд қарори ижро этилди, аммо бу мажбурият тугади дегани эмас. Қамоқ муддатини ўтаб чиққандан сўнг ҳам қарздор 84 миллион сўмлик алимент қарздорлигини тўлиқ қоплаши шарт. Бундай ҳолатлар ҳаммага сабоқ бўлиши, фарзанд ҳақидан қочиб бўлмаслигини яна бир бор эслатиши лозим.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА