Оталик бурчини унутган 22 нафар фуқаро қамалди
Жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими ташаббуси билан Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан вояга етмаган фарзандлари учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган 22 нафар қарздор фуқарога нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
– Маъмурий иши кўрилган Э.Б. Қарши шаҳридаги “Харамжўй” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди, – дейди МИБ Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Алишер Тоиров. – Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2020 йил 7 декабрь кунидаги буйруғи билан ундирувчи Х.Б. фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати МИБ Қарши шаҳар бўлими иш юритувига олинган бўлиб, қарздорга бу ҳақда тушунтириш берилгани ва бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай Э.Б. алимент тўлашни пайсалга солиб келди. Бу орада қарздорлик 8 миллион 881 минг сўмга бориб етади. Охир-оқибат мазкур ижро ҳужжати мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилади. Суд мажлисида оталик бурчини унутган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47/4-моддаси билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу куни шаҳарнинг “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Т.И. 14 миллион 877 минг, “Темирйўлчи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ф.А. 16 миллион 544 минг, “Заҳокимарон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.Г. 21 миллион 977 минг сўм алимент қарздорлигини тўламаганлиги учун маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Шунингдек, суд жараёнида 5 нафар қарздор алимент пулларини тўлаб берганлиги боис, жазодан озод этилди. Жумладан, Эски анҳор МФЙда яшовчи қарздор А.Имомназаров ихтиёрий равишда 5 миллион 520 минг қарздорлигини тўлаб берганлиги боис, ушбу маъмурий иш ҳаракатдан тўхтатилди.

Суд жараёнида ўз оталик бурчини, фарзини унутган 17 нафар отага нисбатан суднинг қарори билан турли муддатларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА