Ота-оналар эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди
Сирдарё туманида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хайрли ва қувончли тадбир ташкил этилди. Тумандаги “Дунё” тантаналар саройида 187 нафар жажжи болажоннинг суннат тўйи кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Тантана туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилиб, унда болажонлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов иштирок этиб, болажонларни қувончли кун билан самимий муборакбод этди. Ўз табригида фарзандлар бахти ва соғлом камол топиши ҳар бир оиланинг энг эзгу орзуси эканини таъкидлаб, болаларга сиҳат-саломатлик, бахтли болалик ва келажакда юртимизга муносиб инсонлар бўлиб улғайишларини тилади.

Бугун юртимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслар оилаларга амалий кўмак бериш билан бирга, уларга маънавий далда ва ишонч бағишламоқда.

Тантана давомида болажонларга байрамона совғалар топширилди. Улар учун қизиқарли кўнгилочар дастур ташкил этилиб, мусиқий чиқишлар, саҳна кўринишлари ва турли қувноқ дастурлар намойиш этилди. Болаларнинг шодон кулгиси ва кўтаринки кайфияти тантанага янада файз бағишлади.

Ота-оналар фарзандлари учун ташкил этилган ушбу хайрли тадбир, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун туман ҳокимлиги ҳамда тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдиришди.

Бундай тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири