Ота касбин тутган қиз бугун юрт хизматида
4 март — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топган кун
Одатда қизларнинг касб танлаши аксарият ҳолларда оналарга қараб йўналиш белгиланади. Ота касбини танлаган қизлар камдан-кам топилади. Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Самарқанд шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг кадрлар бўйича ижрочиси, кичик сержант Нилуфар Ниёзова ана шундай кам сонли ота касбини эгаллаган хотин-қизлардан бири. У 2005 йилда собиқ Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежини битириб, Самарқанд вилояти ИИБ Қўриқлаш бўлими видео кузатув пульти диспетчери сифатида хизматни бошлади.
[gallery-10814]
- Ёшлигимдан отамга ҳавас қилиб, ички ишлар тизимида ишлашни орзу қилиб вояга етдим, - дейди Н. Ниёзова. – Отамнинг касбига бўлган масъулияти, садоқати, қатъияти орзуимни мақсадга айлантирди. Отам ўз соҳасининг мураккаблигини англаган ҳолда мени бошқа касбларга қизиқтиришга ҳаракат қиларди. Аммо коллежни битиргач аҳдимга содиқлигимни кўргач ўзлари қўллаб-қувватлади. Соҳа бўйича зарур маслаҳатларни бериб хизмат машаққатларини енгиб ўтишда ёнимда тиргак бўлиб келди. Бугун нафақада бўлсаларда ҳар вақт маслаҳатлари билан худди хизмат вазифасини бажараётган хизматчидек доим ёнимда. Шу боис, қайси вазифада ишлашимдан қатъий назар фақат олға интиламан ва мақсадимга эришаман. Бу йўлда отамнинг ўгитлари, йўл-йўриқлари менга қанот бағишлайди. Ота касбини тутган ҳеч қачон қоқилмайди.
Бугунги кунда масъулиятли тизим – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида 2020 йилдан бошлаб турли вазифаларда фаолият юритиб келаётган Нилуфар Ниёзова ҳамкасблари орасида ўзининг касбга бўлган масъулияти, билими, зукколиги билан ҳурмат, эътибор қозонган. У хизматдошлари билан турли танловларда ҳам фаол иштирок этиб келади.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА