От спортида йил қандай якунланди?
Сўнгги йилларда, мамлакатимизда спортни, жумладан, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган барча спорт тури қатори от спортини ҳам жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нуфузли мусобақаларни халқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш, от спортини миллий ва замонавий турлари билан уйғун ривожлантириш, жойларда замонавий мактаблар фаолиятини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юздан зиёд давлат от спорти федерацияларини бирлаштирган Халқаро от спорти федерациясига мамлакатимиз йилқичилик ва от спорти федерацияси 1993 йилда аъзо бўлган. Федерация томонидан мазкур спорт турининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор юртимизда зотдор отларни етиштириш ва парваришлаш, от спорти тузилмаларини зарур восита ва анжомлар билан таъминлаш, ёш чавандозлар билан тизимли машғулотлар олиб бориш, тажрибали чавандозларимизнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишига эришишга хизмат қилмоқда.



Ҳозирги кунда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд вилоятларида от спорти бўйича бир қатор тўгарак ва клубларда ёш чавандозлар тажрибали мураббий ва мутахассислардан мазкур спорт турини ўрганмоқда. Мамлакат миқёсида мунтазам ташкил этилаётган чемпионат ва биринчиликлар уларнинг тажриба-маҳоратини оширишга хизмат қилаётир.
Жорий йилги спорт мавсумида чавандозларимиз Саудия Арабистони, Хитой, АҚШ, Россия, Польша, Германия, Испания, Латвия, Словакия, Италия, БАА, Қирғиз Республикаси ва Қозоғистонда ўтказилган жами 65 та халқаро мусобақада қатнашиб, 157 та медални қўлга киритди. Шунингдек, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан 55 та мусобақа ўтказилди. Аниқроғи, тўсиқлардан сакраш бўйича 35 та, от йўрттириш бўйича 15 та, учкураш бўйича 5 та мусобақа ташкил этилди. Ушбу мусобақаларнинг 8 таси халқаро, 47 таси эса миллий турнирлардир. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида 3 та семинар-тренинг ташкил қилинди. От спортчиларимиз миллий мусобақаларда жами 180 та медални қўлга киритди.



– 2023 йил чавандозларимиз учун ҳам анча омадли мавсум бўлди. Улар кўплаб халқаро турнирларда шоҳсупага кўтарилди, – дейди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев. – Жумладан, от спорти бўйича миллий терма жамоа аъзоси Нуржон Туёқбоев апрель ойида АҚШнинг Омаха шаҳрида от спортининг тўсиқлардан сакраш тури бўйича ўтказилган “Жаҳон кубоги” финал босқичида иштирок этди. Бу эса мамлакатимиз от спортида тарихий натижа ҳисобланади. Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг от спорти ривожланган давлатларининг юқори даражали чавандозлари иштирокини инобатга олиш керак.

Шунингдек, от спортининг бошқа турлари сингари учкураш йўналишида ҳам ижобий натижалар билан эсда қоларли йил бўлди. Сабаби, тарихимизда илк бор учкураш бўйича чавандозимиз Жасур Хотамбеков Европада халқаро турнирларда иштирок этиб, Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. От спорти бўйича миллий терма жамоа аъзолари шахсий натижалардан ташқари жамоавий баҳсларда ҳам ижобий томондан ўзларини намоён этди. 29 сентябрь ва 2 октябрь кунлари Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтказилган “Миллатлар кубоги” финали баҳсларида чавандозларимиз Бекзод Қурбонов, Аъзам Толиббоев, Абдураҳмон Абдуллаев ва Умиджон Комилов муносиб иштирок этди. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўткзилган XIX Осиё ўйинларида тўсиқлардан сакраш йўналиши бўйича жамоавий баҳсларда 7-ўриндан жой олдик.
Қувонарлиси, бугун от спортида ўзбек чавандозларининг ўз ўрни бор ва мазкур спорт тури жадал оммалашган бошқа давлатлар, бизнинг спортчиларга жиддий рақиб сифатида қарамоқда, терма жамоаларимиз аъзоларининг ҳар бир ҳаракатини ўрганаётир.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинлари вақтида Осиё от спорти федерациясининг навбатдаги ҳисобот сайлов конференцияси ўтказилди. Ушбу конференцияда вице президентлар сайлови бўлиб ўтди. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев тўрт босқичдан иборат бўлган сайлов натижаларига кўра, Осиё от спорти федерацияси вице президенти лавозимига сайланди.

Бугун Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев мазкур спортни янада оммалаштириш, чавандозларни халқаро миқёсдаги мусобақаларга тайёрлаш, уларнинг отлари учун махсус эътиборни кучайтириш борасида кенг ислоҳотлар олиб бормоқда. Шунингдек, терма жамоамиз сафида мусобақаларда иштирок этиб, ёш спортчиларимизни ғалаба томон ундамоқда.
Юқорида ушбу соҳа бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан айрим рақамлар бежизга келтирилмади. Сабаби, ҳар бир эришилган ютуқ ва рақамлар аввалги йиллар билан таққосланганда соҳа ривожи қай тарзда кетаётгани ойдинлашади.
Демак, чавандозларимиз бу йил ҳисобидан 65 та халқаро мусобақада иштирок этди. Бу кўрсаткич 2021 йилда 25 та, 2022 йилда эса 26 тани ташкил этган. Бу ўсиш албатта қувончлидир. Шунингдек, бу йилги халқаро медалларимиз 157 тани ташкил этди. Ўтган йили эса 136 медаль қўлга киритилган. Албатта, ўтган йилги мавсумга нисбатан бу йил медаллар жамғаришда ўсиш бор. Лекин, 2021 йилги медалларимиз 177 тани ташкил этган эди. Агарда ушбу рақамларни таққосласак, афсуски, мусобақада қатнашишда ўсиш бўлгани билан, медалларни қўлга киритишда пасайиш мавжуд.
Умид қиламизки, чавандозларимиз 2024 йилги мусобақаларда янада кўпроқ қатнашиб, юксак марраларга кўтарилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА