Остона саммити минтақанинг глобал нуфузини оширади
Минтақавий экологик саммит Марказий Осиёда янги экологик ва сиёсий ёндашув шаклланаётганини намоён этди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Ёш шарқшунос дипломатлар” интеллектуал клуби аъзоси Лазизбек Акмалов фикрича, сўнгги йилларда сув ва ресурслар бўйича рақобат устуворлик касб этаётган Марказий Осиё ҳудудида бугун “ягона минтақа – ягона ечим” тамойили кучаймоқда. Бу жараён Марказий Осиёнинг халқаро майдонда якдил ёндашув билан намоён бўлиш имкониятини кенгайтириб, сиёсий салмоғини оширмоқда.
Остона саммитининг энг муҳим жиҳатларидан бири Орол бўйи муаммосига нисбатан ёндашув янгиланганидир. Аввал асосан гуманитар фожиа сифатида қабул қилинган ушбу масала энди бошқарув ва мослашув чоралари талаб этиладиган ижтимоий-иқтисодий жараён сифатида баҳоланмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари таъкидлаганидек, асосий эътибор аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишни кучайтиришга қаратилмоқда. Бу экологик сиёсатда янги босқич – профилактика ва адаптацияга ўтишни англатади.
Ўзбекистон тажрибаси – амалий модел
Саммитда Ўзбекистон аниқ натижа ва таклифлар билан иштирок этди. Хусусан, сув тежовчи технология жорий этилиши натижасида йилига 10 миллиард куб метргача сув тежалаётгани, “яшил энергия” улуши 30 фоизга етгани ва келгусида 50 фоизгача оширилиши қайд этилди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз экологик сиёсатга фаол ва ташаббускорлик билан ёндашаётганини кўрсатади.
Шунингдек, давлатимиз етакчиси БМТ Атроф-муҳит дастури Ижроия директори Ингер Андерсен билан учрашди. Хорижлик ҳамкор мулоқот давомида диёримизда амалга оширилаётган “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Экомаданият” каби дастурларни юқори баҳолади. Бу эътироф ташаббусларимиз нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга эгалигини тасдиқлайди.
Орол тубида 2 миллион гектар ўрмонзор барпо этиш лойиҳаси ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Бу ташаббус фақат экологик тикланиш эмас, балки минтақанинг иқлимга чидамлилигини оширишга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда. Бундай йирик лойиҳалар самараси қисқа муддатда эмас, балки узоқ даврда намоён бўлишини инобатга олиш зарур.
Остона саммити Марказий Осиё давлатлари умумий экологик таҳдид олдида бирлашишга тайёрлигини кўрсатди. Эндиликда экологик сиёсат минтақада барқарор ривожланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиёт билан узвий боғлиқ йўналишга айланмоқда. Энди илгари сурилган ташаббуслар тез, самарали амалга оширилиши лозим. Жараён изчил давом этса, Марказий Осиё яқин йилларда “экологик муаммолар ҳудуди”дан “яшил тараққиёт макони”га айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА