Осойишта юртнинг эртанги куни порлоқ бўлади
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 14-сонли умумий ўрта таълим мактабида Қанғли, Нурафшон ва Ёйилма маҳаллалари аҳолиси иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот оддий маҳалла тадбири доирасидан чиқиб, юртдаги осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, ёшлар тарбияси ва жамиятдаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби устувор вазифаларнинг маҳалладаги амалий ифодасига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоялар ҳам ана шу мақсадлар билан уйғун.

Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Олимжон Мелибоев, “Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти бўлими раиси Норқул Нушаров ҳамда меҳнат фахрийси, маҳалла фаоли Имомқул Бердиев иштирок этди.
Мулоқотда юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, ҳар бир дориламон кунга шукроналик билан қараш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Айниқса, нуронийлар ва ёшларнинг самимий суҳбати учрашувга алоҳида мазмун бағишлади. Ҳаёт синовларидан ўтган кексалар ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, ёшларни Ватанга садоқат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш, уларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.
Зеро, юрт тараққиёти аввало маҳаллада, одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлади. Маҳаллада аҳиллик мустаҳкам бўлса, ёшлар эътибор ва ғамхўрликда камол топса, ҳар бир фуқаро ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билса, бу катта мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.

Учрашувда осойишталикни асраб-авайлаш, маҳаллаларда аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва туман равнақига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани алоҳида қайд этилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири