Ўсмирлар фожиаси ортидан: Туркия мактаблари “хавфсизлик зонаси”га айлантирилмоқда
Туркияда сўнгги кунларда содир бўлган мактаб отишмалари ортидан таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича кенг кўламли қарор қабул қилинди. Ички ишлар вазирлиги кўрсатмасига биноан барча мактабларда полиция назорати жорий этилиб, кириш жойларида доимий кузатув тизими йўлга қўйилди.
Бу қарор Қаҳрамонмарашдаги фожиавий воқеа фонида қабул қилинди, унда 14 ёшли ўқувчи томонидан амалга оширилган отишмада 8 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчи ҳалок бўлган, яна бир неча ўн киши жароҳатланган. Тергов жараёнида ҳужум олдиндан режалаштирилгани, ҳатто “яқин келажакда йирик ҳужум” ҳақида қайдлар мавжуд бўлгани аниқланган.
Шунингдек, ҳужумчининг ижтимоий тармоқларда зўравонликка оид контентларга яқин бўлгани ва бошқа оммавий ҳужумларга ишора қилувчи тасвирлардан фойдалангани ҳам маълум бўлди. Мактабларга полиция жойлаштирилиши ва рақамли мониторингнинг кучайтирилиши қисқа муддатда хавфсизликни таъминлаши мумкин, бироқ бу чоралар муаммонинг чуқур илдизларини тўлиқ бартараф этмайди. Чунки ўсмирлар орасида зўравонликка мойиллик кўпинча бир зумда пайдо бўладиган ҳодиса эмас, балки узоқ давом этган эмоционал босим, ижтимоий эътиборсизлик, ёлғизлик ҳисси ёки нотўғри ахборот муҳитининг йиғиндиси натижасида шаклланади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда зўравонликни романтизация қилувчи контентлар ва оммавий ҳужумларни “тақлид модели” сифатида кўрсатадиган материаллар ёшлар онгига сездирмасдан чуқур таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу сабабли, ўсмирлар билан ишлашда фақат назорат ва чекловларга таяниш етарли эмас, балки тизимли психологик қўллаб-қувватлаш ҳам зарур. Бу доирада мактабларда психологик хизматларни кучайтириш, ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини эрта аниқлаш механизмларини жорий этиш ва ўқитувчиларни хавф белгиларини танишга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш, оиладаги назорат ва ишонч ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳам ҳал қилувчи омиллардан биридир.
Мунира Ниязимбетова, ЎзА