Осиёда ҳамкорлик ва ишонч йўлида
Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. 50 яқин мамлакат, минтақавий ташкилот делегациялари иштирок этган йиғилишда қитъанинг сиёсий ва иқтисодий, ижтимоий ривожланиши тенденцияси, тараққиётга салбий таъсир этаётган омиллар, хавфсизликни таъминлаш ҳолати, экология масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш таклифини қўллаб-қувватлади. Шавкат Мирзиёев Кенгашнинг 30 йиллик фаолиятига баҳо бериб, ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш бўйича кенг, очиқ мулоқот учун ғоят зарур, муҳим майдон сифатида намоён бўлганини таъкидлади.
Бундан ташқари Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини ҳам билдирди.
Анжуман ишида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, соҳада хавфсизликни таъминлаш, БМТ глобал аксил террор стратегиясини амалга ошириш режаси, Қувайт давлатига иштирокчи мақомини бериш, 2022-2024 йилларда Қозоғистоннинг раислиги, навбатдаги саммитни ўтказиш ҳамда Кенгашни трансформация қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида минтақада ва глобал миқёсда аҳамиятли муаммоларга баҳо бериб, муаммоларни ечиш бўйича Осиё қитъаси учун стратегик аҳамиятга эга таклифлар билан чиқди.
Биринчидан, халқаро тизимда ноаниқлик кучайиб бораётгани, давлатлараро мунособатда ўзаро ишонч ва мулоқот камайиши кўп томонлама ҳамкорликка салбий таъсир этиб, натижада жойларда турли даражадаги низолар авж олиши, иқтисодиётда тизимли узилиш келиб чиқишига шарт-шароит яратилмоқда. Бу жараён, ўз навбатида, янги геосиёсий реалликни келтириб чиқариб, минтақа барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Президентимиз айни жиҳатларга урғу бериб, бундай салбий ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилаётгани, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракат самарасини пасайтираётганини таъкидлади.
Иккинчидан, давлатимиз раҳбари саммит иштирокчилари диққатини Афғонистондаги вазиятни эътибордан четда қолдирмасликка қаратди. Ушбу масала алоҳида ёндашув талаб қилиши, бу борада Афғонистон муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган позиция танланиши зарурлигини саммит кун тартибига қўйди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва халқаро даражада амалий чора-тадбирлар қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш масаласини ўртага қўйди.
Президент бу борадаги ишларни фаоллаштириш учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳ шакллантириш ташаббуси билан чиқди. Бунинг учун Осиё мамлакатларининг БМТ Бош ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Кенгаш иштирокчилари эътиборини жаҳонда кейинги йилларда юзага келган йирик муаммолар натижасида афғон масаласи иккинчи даражага тушиб қолгани ҳамда ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмаслигига қаратди.
- Учинчидан, кейинги йилларда дунё бўйлаб радикал ғоялар тарқалиши хуружи ошиб бормоқда, радикал ғояларни шакллантириш ва тарқатишда замонавий усуллар, технологиялардан фойдаланилмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорлик ўрнатишимиз керак. Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда иштирок этиши зарурлигини ҳис этиши, ўз салоҳияти, умидларини рўёбга чиқариш имконига эга бўлиши лозим.
Президент бу муаммоларни Осиё миқёсида бартараф этиш йўли сифатида ёшларнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги формат – “Авлодлар мулоқоти”ни йўлга қўйиш таклифини билдирди. Мамлакатимиз ёш етакчилар форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрлигини ҳам айтиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари нутқи якунида замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бири манфаатини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкинлигига ишонч билдирди: “Айнан шунинг учун ҳам биз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда гуллаб-яшнаш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилган”.
Сайфиддин Жўраев,
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори,
ЎзА
(А.Ғуломов)