Осиё велотрекида порлаган жиззахлик чемпион
Филиппинда давом этаётган велотрек бўйича Осиё чемпионатидан юртимизга яна бир хушхабар етиб келди — Жиззах заминидан етишиб чиққан ёш ва истеъдодли спортчи Чингиз Чўлиев нуфузли мусобақада юксак маҳорат ва матонат намунасини намоён этди.
Фориш тумани вакили бўлган ушбу моҳир велопойгачи “Scratch” йўналишида Жанубий Корея, Япония, Хитой каби спорт анъаналари кучли давлатлар вакилларини ишонч билан ортда қолдириб, марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Шу тариқа у мусобақанинг олтин медалини қўлга киритиб, юртимиз байроғини яна бир бор баландларга кўтарди.
Бу зафар нафақат спортчининг шахсий ғалабаси, балки бутун Жиззах вилояти, Ўзбекистон спорти учун улкан ифтихор тимсолидир. Чингиз Чўлиевнинг муваффақияти юртимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, замонавий шарт-шароитлар ва ёш авлодга берилаётган кенг имкониятларнинг ёрқин самарасидир.
Айни пайтда вилоятда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини ривожлантириш ва халқаро ареналарда муносиб иштирокини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида Чингиз каби чемпионлар етишиб чиқмоқда.
Чингиз Чўлиевнинг бу музаффар юриши юртимиз ёшлари учун илҳом манбаи бўлиб, уларни янги зафарлар сари чорлайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири