Осиё ўйинлари: бокс терма жамоамиз таркиби маълум бўлди
Шу кунларда Япониянинг Аичи–Нагоя ҳудудида ХХ Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 4 октябрга қадар давом этадиган қитъанинг йирик спорт мусобақасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар аъзоси юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Дарвоқе, бокс мусобақалари 21 сентябрь–2 октябрь кунлари ўтказилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси эркаклар ўртасида олти, аёллар ўртасида бешта вазн тоифасида иштирок этади.
Эркаклар ўртасида Самандар Олимов (55 кг), Абдумалик Халоков (60 кг), Шавкатжон Болтаев (70 кг), Фазлиддин Эркинбоев (80 кг), Тўрабек Хабибуллаев (90 кг) ҳамда Жаҳонгир Зокиров (+90 кг) юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев. Унга Хуан Энрике Стейнерс, Раҳматжон Рўзиоҳунов, Акмал Ҳасанов, Даврон Гафуров, Нодир Ғуломов, Алимардон Достонов ва Шерзодбек Аҳмаджонов кўмаклашади.
Аёллар ўртасида Феруза Казакова (51 кг), Нигина Ўктамова (54 кг), Ситора Турдибекова (60 кг), Навбаҳор Ҳамидова (65 кг) ва Азиза Зокирова (75 кг) рингга кўтарилади. Аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расулов бўлиб, унга Барбаро Фернандез Хименез, Ислом Тожибоев ва Азим Худайқулов ёрдам беради.
Жамоа раҳбари — Миршоҳид Тиллабоев, шифокор — Комилжон Расулов, физиотерапевт — Хесус Алберто.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА