Ўсимликлар ҳимояси энг муҳим вазифа
Деҳқончиликда, хусусан, томорқадан самарали фойдаланиш борасида Навоий вилоятининг ҳар бир ҳудуди ўзига хос тажрибага эга. Буни Кармана туманида амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин
Туманнинг “Айрончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлар кўп. Элбек Нуруллаев ана шулардан бири. 16 сотих томорқанинг 4 сотихида 110 туп анор кўчатини парваришлаб, йилига 20 миллион сўмгача даромад олаётган ҳамюртимиз томорқа даромад манбаи эканлигини яхши билади.

– Анор ҳар хил тупроқли ерларда ўсаверади, аммо сизот сувлар чуқурроқ жойлашган унумдор, сув билан яхши таъминланган, сувни яхши ўтказадиган тупроқли ерларда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради, – дейди Э.Нуруллаев. – Асосан, томорқамизда 30 йиллик анор кўчатлари парваришланмоқда. Мўл ҳосил олиш мақсадида биологик усулдан фойдаланган ҳолда агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратаман. Томорқадаги бирор экин учун кимёвий воситаларни қўлламайман. Экологик тоза ва сифатли маҳсулотларимиз билан нафақат ички бозорларни таъминлашга, шу билан бирга вилоятда экспорт ҳажмининг ортишига ҳам ҳисса қўшиб келаётганимдан хурсандман.
Мазкур хонадонда томорқанинг қолган қисми ҳам бўш турмайди. Ернинг ҳар қаричини қадрлайдиган соҳибкор узум, олма, ўрик, хурмо, бодом ва ёнғоқ каби мевали дарахтлар, қолаверса, турли полиз, сабзавот экинларини парваришламоқда.

Етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини ошириш, пировардида юртимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш аграр соҳа олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Бу жараёнда асосий эътибор зараркунандаларга қарши курашиш чоралари бўлиб, бунда сара маҳсулот етиштириш кўзда тутилган. Республикамизда етиштирилаётган анор ва хурмо меваларининг тез кунда пишиб етилиши ва экспорт жараёнлари бошланишини инобатга олган ҳолда уруғ, данак мевали боғларга жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри” га қарши курашиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан жорий йилнинг 24 сентябридан 7 октябрига қадар “Долзарб ўн беш кунлик” эълон қилинган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Навоий вилоятида 65 гектар анорзор мавжуд бўлиб, шундан 42 гектари аҳоли томорқаси улушига тўғри келади. “Долзарб 15 кунлик” тадбирлари давомида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан келгусида нафақат маҳсулот етиштириш, балки куз-қиш мавсумида қишлоқ хўжалиги ҳамда полиз маҳсулотларини сақлаш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар тўғрисида ҳам томорқа ер эгалари ва фермерларга керакли тавсиялар берилмоқда.

– Шу кунларда “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри” зараркунандалари тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин дала назорати ишлари амалга оширилиб, зараркунандаларга қарши кимёвий ва биологик, агротехник йўл билан курашилмоқда, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси Охунжон Облоқулов. – Ҳозирда агроном инспекторлар томонидан “Деҳқонга кўмакчи” шиори остида карантин зараркунанда ҳашоротлари ва касалликларига қарши кучайтирилган назорат ишлари, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда аҳоли томорқа ер эгалари ва фермерларга ҳудуддаги мевали дарахтлардан тортиб, сабзавот ва полиз экинларигача фитосанитар назорат тадбирларини ўтказиш билан бир қаторда уларнинг мурожаатлари асосида ҳам ўрганишлар олиб борилиб, зарурий тавсия ва кўмак кўрсатилмоқда.

– Дастлаб анор етиштиришга бўлган қизиқишим томорқадаги 150 туп анор кўчатларини парваришлашдан бошланган, – дейди Навбаҳор туманининг “Армижон” МФЙда яшовчи Муҳаббат Ғофурова. – 11 сотихдан иборат томорқада экилган кўчатларнинг аксарияти қирқ йиллик бўлиб, 1981 йилда экилган. Анор етиштиришга бўлган қизиқиш сабаб 2002 йилдан фермерлик фаолиятини бошлаганман. Ҳозирда 1 гектар майдонда 1000 тупга яқин экспортбоп анор навларини парваришлаб келаман. Анорни парваришлаш жараёнида доимий равишда туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бораман, кўрсатмаларига амал қиламан.
Бугун юртимизда ҳар бир оиланинг мўъжазгина ер майдонидан самарали фойдаланиши натижасида томорқа хўжалиги қўшимча даромад манбаига айланмоқда. Бу эса аҳоли турмуш даражаси юксалиб, тадбиркор оилалар сафи кенгайиб, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортишига хизмат қилмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА