Ошкоралик – сайловнинг бош мезони
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Федерал Кенгаши аъзоси, “БАА-Ўзбекистон” ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ҳамраиси Нидал Муҳамед бин Ширбак Аль Тинайжи бошчилигидаги делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов қабул қилди.
Н.Исмоилов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, бугунги мулоқот Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги парламентлараро муносабатларнинг келажакдаги ривожи учун муҳим замин яратишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Амирлик парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида томонлар “Дўстлик гуруҳлари” муҳим ўрин тутади. Парламентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар тарихидан янги саҳифа сифатида ўрин олади ва ўзаро манфаатли “ўзбек-амирлик” муносабатларига янгича руҳ бағишлаб, алоқаларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Мулоқотда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқалар мунтазам равишда ривожланаётгани, Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши, БАА билан барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши қайд этилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда миллий парламентаризмда илгари умуман кузатилмаган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат билан чиқиш институти, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги Давлат дастурларининг ижроси бўйича парламент олдида ҳисобот бериши амалиёти, Ҳукумат аъзоларининг қуйи палата олдида махсус ҳисоботи, яъни “ҳукумат соати” институти, Давлат бюджетини қонун шаклида қабул қилиш каби янги институт ва амалиётлар жорий қилингани ҳақида сўзлаб берилди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган улкан ўзгаришларнинг ёрқин натижаларини юксак баҳолади. Аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида қайд этди.
Сайлов округларида кўрилаётган пухта тайёргарлик, овоз бериш тартиб-таомилларини қонунчиликка мос, замон талаблари даражасида амалга оширилиши, энг асосийси, очиқлик, ошкоралик сайловнинг бош мезони бўлишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонда кейинги йилларда миллий сайлов қонунчилиги сезиларли даражада такомиллашгани, у фуқароларнинг хоҳиш-истагини эркин ифода этишини кафолатлаши ва энг юқори талабларга жавоб бериши, 2021 йилги Президент сайлови Сайлов кодексига мувофиқ демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказилиши меҳмонлар томонидан ижобий баҳоланди.
Мулоқот якунида икки томон келгусида дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга ва мунтазам равишда ўзаро фикр алмашиб туришга келишиб олди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА