Ўртача пенсия 10 йилда 3,3 баробарга ошди
Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизимидаги ўзгаришлар аҳоли даромадларининг ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муҳим кўрсаткичларидан бирида ҳам акс этмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия миқдори 1 миллион 649,2 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2016 йилдаги 494,2 минг сўмга нисбатан 3,3 баробар юқори.
Рақамларга назар ташланса, 2016–2025 йиллар оралиғида ўртача пенсия миқдори ҳар йили ўсиб боргани кўринади. 2016 йилда 494,2 минг сўм бўлган кўрсаткич 2020 йилга келиб 848,5 минг сўмга, 2023 йилда эса 1 миллион 234,5 минг сўмга етган. Айниқса, кейинги йилларда ўсиш суръати сезиларли бўлган. 2024 йилда ўртача пенсия 1 миллион 495,6 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 1 миллион 649,2 минг сўмга етди. Яъни, бир йилда 153,6 минг сўмга ошган.
Йиллар кесимида ўртача ойлик пенсия миқдори қуйидагича шаклланган. 2016 йил 494,2 минг сўм, 2017 йил 556,8 минг сўм, 2018 йил 640,5 минг сўм, 2019 йил 733,2 минг сўм, 2020 йил 848,5 минг сўм, 2021 йил 963,6 минг сўм, 2022 йил 1 080,8 минг сўм, 2023 йил 1 234,5 минг сўм, 2024 йил 1 495,6 минг сўм, 2025 йил — 1 649,2 минг сўмни ташкил этган. Умуман, 10 йиллик даврда ўртача пенсия 1 миллион 155 минг сўмга кўпайган. Бу пенсия тўловларининг номинал миқдори сезиларли ошганини англатади.
Шу билан бирга, иқтисодий таҳлилда пенсия миқдорининг ўсишини баҳолашда инфляция ва истеъмол нархларининг ўзгаришини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Чунки номинал пенсиянинг ошиши пенсионерларнинг реал харид қобилияти айнан шу даражада ўсганини англатмайди. Шу нуқтаи назардан, пенсиялар динамикаси аҳоли даромадлари ва нархлар ўзгариши билан биргаликда баҳоланганда тўлиқроқ манзара юзага келади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА