Оромгоҳлар мароқли ҳордиққа чорлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари устувор аҳамият касб этади.
Бунинг самараси ўлароқ, кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик муносабатлари равнақ топмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси маълумотига кўра, шу кунларда ижтимоий лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида Москвадаги Crocus City Halldagi воқеалар пайтида жабрланган оилаларнинг 100 нафар ўғил-қизлари юртимиздаги «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариш учун Ўзбекистонга келди.

– Болажонларимизни тантанали кутиб олиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ажойиб совғалар тақдим этилди, – деди Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Департаменти бошлиғи ўринбосари Анастасия Анисимова. – Улар учун махсус тайёрланган костюмлар, планшетлар, ҳордиқ давомида зарур бўлган воситалар – буларнинг барчаси ўзбек халқининг бағрикенглиги, бирдамлиги ва жуда ҳам меҳмондўст эканлигининг ёрқин ифодасидир. Ўғил-қизларимизнинг шу вақтдаги қувончини ифодалашга сўз ожиз. Келишимиз биланоқ ўзбекона боқий анъаналарнинг гувоҳи бўлдик. Олдинда эса азим шаҳар Самарқанд бўйлаб саёҳатлар, пойтахтингиз Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканлар билан танишувлар кутаётганини эшитган болажонлар қувончига яна бир олам қувонч қўшилди. Ушбу саёҳатлар албатта, ўғил-қизларимиз юрагидан жой олади ва шубҳасиз мафтункор Ўзбекистондаги ҳордиқ бир умрга болажонларимиз ёдида қолади. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдирамиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида болажонларнинг ҳар томонлама мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, 10 гектардан зиёд майдонга эга бўлган ушбу оромгоҳ жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган бўлиб, ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Ушбу маскан болаларни мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш билан бирга уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият олиб бормоқда.
Дам олаётган болажонларнинг хорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари ҳам оширилмоқда. Шунингдек, «Ёш китобхонлар», «Тасвирий санъат», «Моҳир қўллар», «Хореография», «Жисмоний тарбия ва спорт», «Рассомчилик», «Бисер тикиш» каби 10 га яқин тўгарак машғулотларида ўқувчилар катта қизиқиш билан иштирок этмоқда.

Оромгоҳдаги 14 кунлик таътил давомида россиялик ва ўзбекистонлик ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилган.
«Сув тўлқинлари» фестивали, сув ўйинлари ва комикслар, кино ҳамда мусиқа кечалари ва спектакллар намойиши, «Ўзбекистонга хуш келибсиз» тақдимот тадбирлари, «Ўзбек миллий таомлари ва анъаналари» тақдимоти, «Анор»да бахтли болалик» видеороликлар танлови, «Бош ошпаз» кўрик танлови, турли спорт мусобақалари ва спартакиадалар ўтказиш режалаштирилган.
Меҳмонларни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва «Боқий шаҳар» мажмуасига бўладиган қизиқарли саёҳатлар, Бўстонлиқ туманидаги «Чиноркент» дам олиш мажмуаси ҳамда пойтахтимиздаги «Magic City» маданият ва истироҳат боғи ҳамда «Oceanarium»га экскурсиялар кутмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА