Оролбўйидаги 735 та мактабда “Сўнгги қўнғироқ” янгради
Қорақалпоғистон Республикасидаги барча умумтаълим, давлат ихтисослаштирилган ҳамда нодавлат мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб, улардаги 27 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи-ёш қадрдон мактаби билан хайрлашди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳридаги 24-сонли умумтаълим мактабида “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида ўтказилган тадбирда иштирок этди.

Дастлаб Жўқорғи Кенгеси раиси давлатимиз раҳбарининг мактабларни битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, ёшларга оталарча ғамхўрлик кўрсатиб келаётган Президентимизга, ўқувчиларни вояга етказиб, тарбиялаган ота-оналарига, уларга билим берган ўқитувчиларга миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор фармон, қонун ва қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ҳар йили қўшимча квоталар ажратилаётгани кўнгилларга алоҳида фахр туйғуларини бағишлайди.

2025-2026 ўқув йилида асосий олимпиаданинг IV республика босқичига 16 фан йўналиши бўйича жами 60 нафар ўқувчи иштирок этди. Унинг якунида Қорақалпоғистон Республикаси 8 та фахрли ўрин билан Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринни эгаллади.
2026 йилнинг 8-12 апрель кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган III Халқаро математика олимпиадасида Хўжайли тумани 26-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мелс Сатимов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, 2026 йилнинг 12-18 май кунлари Италияда ўтказилган Европа қизлар информатика олимпиадасида Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси Малика Хожамуратова бронза медали билан тақдирланди. 17 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё – Тинч океани минтақаси информатика олимпиадасида (АПИО-2026) эса Нукус шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Тимур Қодирбергенов бронза медалини қўлга киритди.

Кегейли тумани 41-сонли мактаб жамоаси “Ватанпарварлар” мусобақасининг республика босқичида 1-ўринни, Тўрткўл тумани 18-сонли мактаб жамоаси эса “Ёш гвардиячи” мусобақасида 1-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, ўқувчи қизлар ўртасида футбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” республика босқичида Бўзатов тумани 10-сонли мактаб қизлари 2-ўринни эгаллаб, “Дамас” автомашинаси, 200 миллион сўм пул мукофоти ва мактабга спорт майдончаси қурилиши учун ваучерни ютиб олди. “Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш” иншолар танловининг республика босқичида Нукус тумани 1-сонли мактаб ўқувчиси Нуржамол Реимбаева 1-ўринни эгаллади.
Барча мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.