Оролбўйида “Ёшлар ойлиги” тадбирлари
Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида “Ёшлар ойлиги” муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ташкил этилди.
Жумладан, Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган концерт дастурида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ёшларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва ёшларни байрам билан қутлади. Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси бугунги кунда яратилаётган имкониятлар ва эътибордан ҳар бир ёш самарали фойдаланиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.
[gallery-18097]
Юқори даражада ўтказилган байрам тадбирида ўзининг иқтидори, қобилияти билан тенгдошлари орасида юқори натижаларга эришган, шунингдек, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган қатор фаол ёшлар “Умид учқуни” кўкрак нишони, Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
30-июнь – “Ёшлар куни” чин маънода ёшларнинг севимли байрамига айланди. Жорий йилда “Ёшлар ойлиги” доирасида спорт мусобақалари, байрам тадбирлари, кўнгил очар ва учрашув кечалари ўтказилди. Энг асосийси, мазкур тадбирлар ўзида минглаб ёшларни қамраб олди.
Тадбир маданият ва санъат усталари, эстраданинг таниқли вакиллари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари