Ўрмон фонди ерларини муҳофаза қилиш кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси давом этмоқда. Халқ вакиллари ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш, уларни муҳофаза қилишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш ҳамда экологик барқарорлик таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Мазкур қонун лойиҳаси соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Амалда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилар эди.
Эндиликда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш тартиби қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Қонун лойиҳасида ўрмон фонди ерларининг алоҳида муҳофаза этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган ҳужжат асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Шунингдек, ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўрмон фонди ерларининг сақланишини таъминлаш, улардан мақсадли ва оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, экологик барқарорлик ва биологик хилма-хилликни сақлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш, ўрмон фонди ерларини муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан фахрийлар мақоми ҳамда бу соҳада масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари назарда тутилмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳасида фахрийларнинг тоифалари ҳам белгиланмоқда. Яъни, уруш фахрийлари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар, бошқа мамлакатлар ҳудудида олиб борилган жанговар ҳаракатлар фахрийлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирликлар ва идораларнинг фахрийлари, суд, прокуратура, адлия ва божхона органларининг фахрийлари, меҳнат фахрийлари алоҳида тоифадаги фахрийлардир.
Лойиҳага кўра, белгиланган талаб ва мезонларга мувофиқ муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган шахсларга фахрий мақоми берилади.
Мазкур мақомни олган фуқаролар имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Хусусан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, шаҳар транспортида бепул юриш, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш каби имтиёзлар шулар жумласидан.
Шунингдек, фахрийларнинг соғломлаштириш муассасаларида дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши, маданият ва кўнгилочар муассасалар (спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари) ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши белгиланмоқда.
Фахрийларга бериладиган барча имтиёз ва кафолатлар қонун билан аниқ белгиланиб, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш янада мустаҳкамланади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев
ЎзА