Ўрганилган билим амалиётда қўлланилгандагина ўз самарасини беради
Навоий вилояти педагогик маҳорат марказида вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун “Замонавий ўқитувчи – янги Ўзбекистон таянчи: Навоий вилоятида педагогик маҳоратни ошириш ва инновацияларни жорий этиш натижалари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжумани аввалида таъкидланганидек, бугун таълим тизимидаги ислоҳотлар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий педагогик ёндашувлар ўқитувчи олдига янги талабларни қўймоқда. Аммо бу янгиланишларни амалиётга татбиқ этадиган, уларни кутилган натижага айлантирадиган асосий куч эса педагогнинг ўзидир. Шу боис ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланиши ва малакасини ошириш тизими алоҳида аҳамият касб этади.

– Бугун марказимизнинг илмий салоҳияти 57 фоизни ташкил этади. 31 та таълим йўналиши бўйича ҳар ой ўртача 500-530 нафар педагог малака оширади. Йил бошидан буён қарийб 6 минг нафардан зиёд ўқитувчининг касбий кўникмалари замонавий талаблар асосида янгиланди, - дейди марказ раҳбари Ўктам Мардонов. - Бироқ малака ошириш самарадорлиги фақат курсларда иштирок этган педагоглар сони билан белгиланмайди. Энг муҳим мезон - ўқитувчининг орттирган билимини дарс жараёнида қўллаши, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши ва таълим сифатидаги ўзгаришлардир. Курсларда ўрганилган билим эса амалиётда қўлланилгандагина ўз самарасини беради. Шунинг учун педагогларнинг касбий ривожланиш натижалари мунтазам таҳлил қилиниб, мониторинг олиб борилмоқда.
Замонавий таълимда рақамли педагогика ва сунъий интеллектдан фойдаланиш муҳим ўрин тутади. “Касбий ривожланиш куни” доирасида педагогларни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ҳамда “Келажак соати” дарсларини ташкил этишга ўргатишга эътибор қаратилмоқда.

Бироқ технологиянинг ўзи таълим сифатини кафолатламайди. Ўқитувчи ахборотни таҳлил қилиш, манбаларни фарқлаш ва технологиядан мақсадли фойдаланишни ҳам билиши зарур. Зеро, боланинг қалбига йўл топиш, унда ишонч уйғотиш ва мустақил фикрлашга ундаш педагогнинг маҳоратига боғлиқ.
Марказ томонидан олис ҳудудлардаги мактабларга амалий кўмак бериш мақсадида “мастерлар корпуси” ташкил этилиб, ёш мутахассисларга устозлик қилиш йўлга қўйилган. Шунингдек, халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик доирасида PISA, PIRLS ва TIMSS дастурлари асосида 28 та амалий семинар ўтказилган. STEM/STEAM йўналишидаги 786 нафар ўқитувчининг илғор методикалар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ишлари олиб борилган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири