Қоракўлчилик ширкатларида иш қизғин
Навоий вилояти қоракўлчилик ширкат хўжаликлари чорвадорлари жорий йилги қўзилатиш мавсумини муваффақиятли бошлади.
Навоий вилояти қоракўлчилик ширкат хўжаликлари чорвадорлари жорий йилги қўзилатиш мавсумини муваффақиятли бошлади.– Қўзиларнинг деярли барчасини ўстиришга қолдириш режалаштирилган, – дейди “Навоий-қоракўл” бирлашмаси раиси Улуғбек Халилов. – Айни пайтга қадар 50 минг бошдан ортиқ қўй қўзилади.
Жорий йилги қўзилатиш мавсумида ширкат хўжаликларига махсус зооветеринарлар бириктирилиб, отарларда доимий назорат ўрнатилди. Чўпонларга мавсумий кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилаётир. Бу ишлар чорвада учрайдиган турли касалликларнинг олдини олиш, чўпон-чўлиқларга қулайлик яратиш, мавсумни муваффақиятли ўтказиш имконини бермоқда. Конимех, Нурота туманларидаги “Караката”, “Сарибел” ва “Ғозғон” ширкат хўжаликларида қўзилатиш юқори суръатларда давом этмоқда.
Вилоятнинг Қизилқум кенглигида асосан сур, қора ва кўк рангдаги қоракўл насллари парваришланаётир. Нурота тумани ширкат хўжаликларида зармалла типидаги қоракўл қўзилари етиштириш яхши йўлга қўйилган. Ушбу қоракўл зотлари териси нафис ва бежиримлиги билан ажралиб туради.
“Конимех” қоракўлчилик ширкат хўжалигида қора рангдаги қоракўл насллар етиштирилмоқда. Ранги тиниқ, юқори сифатли насллар парваришига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
– Жорий мавсумда 30 минг 500 бош совлиқ қишдан тетик чиқиб, айни кунга қадар 4575 боши соғлом қўзи берди, – дейди Конимех туманидаги Абай номидаги ширкат хўжалиги раиси ўринбосари Т.Калдибеков. – Қўзиларнинг барчаси ўстиришга қолдирилмоқда. 58 минг 500 бош чорва боқилаётган хўжалигимизда жорий йилда жунни ювиш ва калава йигириш цехи иш бошлади. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу цех йилига 10 тонна жунни қайта ишлаш қувватига эга.
Дарҳақиқат, қоракўлчилик ширкат хўжаликларида жун етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилган. Конимех тумани ва Зарафшон шаҳридаги “Qizilqum wool tex” ва “Велан” Ўзбекистон-Россия қўшма корхоналарида хомашёнинг асосий қисми қайта ишланиб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ҳолида харидорларга етказиб берилаётир. Жун-калава, турли ёпинчиқ ва тўшамалар, жун пайпоқ ҳамда махсус белбоғлар тайёрланмоқда.