Ўқувчилар билим ва иқтидорларини синовдан ўтказишди
Сирдарё вилоятида 2026–2027-ўқув йили учун олий таълим ташкилотлари қошидаги академик лицейларга кириш тест синовлари муваффақиятли якунланди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган имтиҳонларда 1400 нафардан ортиқ абитуриент ўз билим ва иқтидорларини синовдан ўтказишди.
Тест синовлари белгиланган тартиб ва талаблар асосида, очиқлик, шаффофлик ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Имтиҳон жараёнларини юқори савияда ташкил этиш ва тартиб-интизомни таъминлаш мақсадида 50 нафардан ортиқ тажрибали назоратчи жалб этилди.


Синовлар бошланишидан аввал гуруҳ назоратчиларига имтиҳонларни амалдаги тартиблар асосида ташкил этиш, абитуриентлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан қўшимча йўриқномалар берилди.



Имтиҳон жараёнларида иштирокчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Абитуриентлар белгиланган вақтда рўйхат асосида имтиҳон биносига киритилиб, тест материаллари тартиб асосида тарқатилди. Жараёнлар масъул ходимлар ва назоратчилар кузатувида ташкил этилди.

— Тест синовлари давомида шаффофлик ва холисликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса ҳар бир иштирокчининг билим ва тайёргарлигини холис баҳолашга хизмат қилди, — дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси Жамшид Мамаражабов.

Академик лицейларга кириш тест синовлари иқтидорли ва билимли ёшларни саралаб олиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда келгусида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Энди абитуриентлар тест натижалари эълон қилинишини кутишмоқда. Имтиҳон якунлари эса уларнинг академик лицейларда таълим олиш имкониятларини белгилаб беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири