Ўқувчи қизлар ёзги таътилни мазмунли ўтказади
Андижон вилоятида “Даврага кел, дугонажон!” маънавий-маърифий тадбирларига старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раислигида жорий йил 22 июнда ўтказилган йиғилиш баённомасига асосан июнь-август ойларида юртимизнинг барча ҳудудларида умумтаълим мактаблари 7-11 синф қизлари иштирокида “Даврага кел, дугонажон!” маърифий тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Ёшлар, хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътилини мазмунли ва самарали ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш ҳамда истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш мақсадида ўтказилаётган “Долзарб 90 кунлик” чора-тадбирлари доирасида ўқувчи қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, замонавий билимлар ва рақамли технологияларга қизиқишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни маданий-маърифий, китобхонлик, бадиий-ижодий ҳамда оммавий спорт тадбирларига кенг жалб этиш мақсадидаги “Даврага кел, дугонажон!” маърифий тадбирлари Андижон вилоятида ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилади.

– Вилоятдаги 762 та умумтаълим мактабларининг 7-11 синф ўқувчи қизларини жалб этган “Даврага кел, дугонажон!” маърифий тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова. – Мутасаддиларга лойиҳани амалга ошириш механизмлари, тадбирларни ташкил этиш тартиблари бўйича зарур тушунтириш, топшириқ ва тавсиялар берилди.
Умуман, лойиҳа тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида юқори савияда бўлиб ўтади.

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан вилоят мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, спорт бошқармалари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутасаддилари, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, тадбирларни самарали ташкил этиш, ўқувчиларни жалб этиш, юзасидан зарур тавсиялар берилди, ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан ўтказилаётган “Даврага кел, дугонажон!” маърифий тадбирлари ўқувчи-қизларнинг ёзги таътил даврини, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва жисмоний салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришларига яқиндан ёрдам беради.
Мазкур лойиҳа қизларни миллий қадриятлар, гўзал урф-одатлар, юксак одоб-ахлоқ мезонлари ва замонавий билимлар уйғунлигида тарбиялашга, уларни илм-фан, касб-ҳунар, спорт, маданият, санъат, IT ҳамда СТЕМ йўналишларига жалб этишга хизмат қилади.
Ўтказиладиган маърифий тадбирлар доирасидаги машғулотлар, учрашувларда бой ҳаётий тажрибага эга оналар, иқтидорли ва ташаббускор қизлар, шунингдек, психолог, шифокор, педагог, ижодкор, спортчи, IT мутахассиси бўлган аёллар, маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари иштирок этиб, ўқувчи-қизларнинг белгиланган йўналишлар бўйича билим, тушунча ва кўникмаларини бойитишга, ижтимоий фаоллигини янада оширишга кўмаклашади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири