Ўқувчи қизлар ўртасидаги “Вазир кубоги” мусобақасининг республика босқичи якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимиз бўйлаб катта қизиқиш ва юқори савияда ташкил этилган ўқувчи қизлар ўртасидаги футбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичи якунланди.
Мусобақа давомида ҳудудлардан ташриф буюрган жамоалар ўзаро қизиқарли ва муросасиз беллашувларда иштирок этиб, спортга бўлган қизиқиши ҳамда иқтидорини намоён этди.
Якунларга кўра, 1-ўринни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги 30-мактаб жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўрин Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 42-мактаб жамоасига берилди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Жумладан, 1-ўрин соҳибларига “Дамас” автомобили ва 250 миллион сўм, 2-ўрин учун “Дамас” автомобили ҳамда 200 миллион сўм, 3-ўрин эгаларига эса “Дамас” автомобили ва 150 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Мусобақада иштирок этган барча 16 та жамоа ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 50 миллион сўмдан пул мукофоти, Спорт вазирлиги томонидан воркоут майдончаси қуриш учун ваучер, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси томонидан замонавий телевизор ҳамда Футбол ассоциацияси томонидан 50 донадан футбол тўпи тақдим этилди.
Мусобақа якуни кўтаринки руҳда, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
[gallery-28432]
Мазкур мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ўқувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва жамоавийлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА