Ўқув қўлланмалар илк бор қорақалпоқ тилида
Жорий йилдан бошлаб умумтаълим мактаблари ўқувчилари PISA ва PIRLS каби халқаро тадқиқотларда иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Шу мақсадда ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратилди ва юртимиз бўйлаб таълим муассасаларига тарқатилди. Шу турдаги қўлланмалар илк бор қорақалпоқ тилида ҳам нашр этилди.
Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан 4 номдаги “Matematikalíq sawatxanlíq, oqíw sawatxanlíq, tábiyiy pánler boyínsha sawatxanlíǵí, oqíwshílardíń oqíw sawatxanlíǵín bahalaw” каби қорақалпоқ тилидаги қўлланмалар 200 та нусхада чоп этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази, туман халқ таълими бўлимлари ҳамда Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган 27 та таянч мактабларга етказиб берилди.

Шунингдек, 180 дона «TIMSS 2019 Баҳолаш қамров доираси», «TALIS тадқиқоти», «PISA 2018 Ўқиш саводхонлиги қамров доираси», «PIRLS 2021 тадқиқоти қамров доираси», «TIMSS 2023» номдаги қўлланмалар, тарқатма материаллар ва халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган таянч мактаблар учун «Тренинглар ўқув дастур»лари бепул етказиб берилди.
Бугунги кунга қадар миллий марказ томонидан жами 35 номдаги қўлланма ва тарқатма материаллар барча ҳудудлар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги ҳамда таянч мактабларга бепул тарзда етказиб берилган эди.

Ушбу ишлаб чиқилган қўлланма ва тарқатма материаллар мактаб жамоалари, хусусан, фан ўқитувчиларининг халқаро баҳолаш дастурлари ва моделлари, асосий жиҳатлари, баҳоланаётган кўникма ва компетенциялар, ўқувчилар олган билимларини амалиётда қўллай олиш, муаммони ҳал қилиш, мантиқий фикрлаш, ўқиб тушуниш, хулосалар чиқариш, ғояларни умумлаштириш, талқин ва таҳлил қилиш, бир сўз билан айтганда ХХI аср ўқувчиларидан талаб этиладиган кўникмаларни баҳолаш ва ривожлантириш омиллари ҳақида тасаввурларга эга бўлишларини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, ушбу қўлланмалар юртимизда компетенцияга асосланган миллий баҳолаш тизимини яратиш, ўқувчиларни фикрлашга ўргатадиган методикаларни жорий этиш ҳамда қўшимча ўқув ва методик адабиётларни яратишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Файзулло Яхёев, ЎзА