“Оқтепа” табиат боғи Сурхоннинг мафтункор гўшаси
Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” табиат боғи Сурхондарё вилоятининг ноёб ҳайвонот ва наботот дунёсини тиклаб, кўпайтиришга, экотуризм шайдоларини ёввойи табиат билан яқиндан таништиришга мўлжалланган бетакрор гўша. “Оқтепа” сув омбори атрофидаги 84 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ёввойи табиат қўйнида мириқиб дам олиш ва балиқ овлаш учун ҳам жуда қулай шароит мавжуд. Боғ ҳудуди “Оқтепа” сув омбори билан қўшиб ҳисоблаганда 1 минг 900 гектарни ташкил этади.
– Бу сўлим маскан ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, – дейди табиат боғи бош ўрмончиси Константин Федин. – Унга асос солинганига қарийб қирқ йил бўлмоқда. Қум барханларига туташ ҳудудда яшил макон яратиш учун дастлаб, бу ернинг иқлим ва тупроғига мос дов-дарахтларни ўрганиб, уларни кўпайтиришга қўл урдик. Мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экдик. Меҳр билан парваришлашни йўлга қўйдик. Сув омбор атрофининг яшил бойликларга бурканаётгани бу ерни турли ёввойи ҳайвонлар ва қушлар маконига айлантира бошлади. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бизнинг бойлигимиз. Уни келажак авлодга бус-бутун етказиш инсонийлик бурчимиз. Боғга келиб, бир зум нафас олган киши танасида енгиллик ҳис этади. Чунки, бу ер тоза, мусаффо ҳаво манбаи.

Табиатсеварларнинг машаққатли меҳнати билан боғ ҳар хил дов-дарахт, бута ва гиёҳлардан иборат ўрмонзор қиёфасига кирди. Саксовулзор, тўқайзорлар пайдо бўлди. Марказий Осиёда қирилиб кетиш арафасида турган ноёб ўсимлик дунёсини тиклаб, кўпайтирадиган маскан сифатида танила бошлади. Миграция қилувчи ва сузувчи қушларнинг, ёввойи ўрдакларнинг вақтинча дам олиб, тўхтаб ўтувчи, айрим турдаги қушларнинг қишлаб қолиш маконига айланди.
Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Оқтепа” табиат боғи ҳудуди вазирлик балансига ўтказилгани бу ерда ўрмон ресурсларининг бой салоҳиятидан тўла-тўкис ва оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишни йўлга қўйишда муҳим омил бўлаётир.

– Мутахассисларимиз тавсияси билан қумлоқ майдоннинг 60 гектарида саксовулзор барпо этилган, – дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. – Саксовул ҳаво таркибини яхшилаб, теварак-атрофни чанг тўзондан сақлайди. Кучли шамол эсганда ҳам қум барханлари кўчишининг олдини олади. Сокин, кислородга бой боғ ёввойи жониворларнинг бу ерни макон тутишига сабаб бўлди. 8 давлатдан келадиган ноёб қушларнинг миграция зонасига айланди. Ёзда қушлар келиб тухум очади, полапонларини учирма қилиб, ўз ватанларига қайтади.
Айни пайтда бу ерда юзга яқин турдаги дов-дарахт ўсмоқда. Уларнинг қарийб 50 тури, 20 га яқин жониворнинг 12 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган.

– Эндиликда боғимиз дунё табиатшуносларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Константин Федин. – Финляндия, Россия, Норвегия, Хитой каби давлатлардан ёш олимлар келиб илмий тадқиқотлар ўтказяпти. Бу ердаги ўсимлик ва ҳайвонот оламининг янги турларини ўрганмоқда. Термиз давлат университети, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари илмий изланишлар олиб бормоқда. Араб давлатлари ва Европа мамлакатларидан келаётган экотуризм мухлислари ноёб флора ва фауна олами билан яқиндан танишаётир.

Боғдаги ўсимлик дунёсию, мевали ва манзарали дарахтлар, буталар орасидан, сув омбор бўйларидан макон топган ёввойи чўчқа, тулки, чағалай ва бошқа жониворлар, қушлар, турли судралиб юрувчилар табиат тилсимларини янада чуқурроқ ўрганишга хизмат қилмоқда. Кўпайтирилаётган турли нав арча, узум, ўрик, жийда, олма, нок ва бошқа мевали ҳамда манзарали дарахтлар кўчатларининг бир қисми одамларга тарқатилаётир.

Инсонни беихтиёр мафтун этадиган “Оқтепа” табиат боғи бетакрор манзаралари, мусаффо ҳавоси билан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асрашнинг аҳамияти, атроф-муҳит муҳофазаси ва улардан оқилона фойдаланишнинг мазмун-моҳиятини янада теран англашга кўмаклашиши, она табиат билан яқин дўст тутинишга ундаши билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири