Ўқитувчилик – соғлиқдан воз кечиш деганими?
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар фаолияти билан боғлиқ жуда кўп “негатив” фикрларни ўқияпмиз.
Хўш, ўзи ўқитувчилик қандай касб? Ушбу касбда ишлаб, оиласини боқаётган инсонларнинг ўзлари бу ҳақда қандай фикрда?
Бу борада юртимиздаги умумтаълим мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг фикрларини тингладик. Баъзилар исм-шарифларини тўлиқ ёзмасликни илтимос қилишди.
Бектемир туманидаги 293-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:
– Учинчи синф ўқувчиларига синф раҳбарлик қиламан. Кеча эрталаб бир ўқувчи қизни онаси байрамга чиройли лисоблар кийдириб, сочларини ҳам ўзгача турмаклаб юборибди. Синфдошлари эса уни масхаралаб кулишибди. Қиз синфдан йиғлаб чиқиб кетибди. Синф сардори мени хабардор қилгач, воқеани тушундиму кўчага югурдим. Ўша пайт хаёлимдан минг хил фикрлар ўтди. “Уйига бормаган бўлса-чи?”, “Жаҳл қилиб, ўзига зарар етказса-чи?”, “Бирорта ёмон одам алдаб, олиб кетиб қолса, нима қиламан?” каби саволлар ич-этимни емириб юборди. Қон босимим ошиб, кўз олдим қоронғулашиб кетяпти-ю аммо ўзимни қўлга олиб, кўчага югуряпман.
Дўконларга кириб сотувчилардан сўрадим, йўлда учраган ўқувчилардан сўрадим. Шошганимдан эгнимга пальто ҳам киймай чиққаним учун, совуқдан оёқ-қўлларим титрай бошлади. Шу пайт ўқитувчилик касбини танлаганимдан ич-ичимдан пушаймон бўлдим. Кўзимда ёш, ичимда алам билан мактаб яқинидаги паркка бордим. Не кўз билан кўрайки, ўқувчи қиз айвончада йиғлаб ўтирибди. Югуриб бориб, уни бағримга босдим. Соғ-саломат кўрганим учун, шукрона келтирдим. Синфга кириб, ўқувчиларга танбеҳ бердим, қизчани тинчлантирдим, аммо ўзимни қон босимим кўтарилиб, шифохонага боришимга тўғри келди.
Ойжамол СУЛАЙМОНОВА, ўқитувчи:
– Юқори синфда бир ўқувчи қиз бор. Хулқи оғишган. Ҳамма дарсларда сақич чайнаб, бақир-чақир қилиб, дарс ўтишга халақит беради. Истаган пайтида ўрнидан туриб, синф хонасида юради. Қизни тартибга чақириш учун психологлар билан биргаликда ишладик. Яхшиям гапириб кўрдик, ёмонам гапирдик, фойдаси бўлмади. Онасини мактабга чақирдик ва уринишларимиз бефойдалигини билдик. “Қуш уясидаёқ айниган экан”. Хуллас ҳар гал шу синфга дарсга киришдан олдин “валерианка” ичиб оламан. Бошқа иложим йўқ. Ўша синфга дарсга кирган куним, куни бўйи бошим оғриб, ўзимни ёмон ҳис қиламан. Ўқувчи қизни хулқи яхши томонга ўзгаришини жуда истайман, бунинг учун қўлимдан келган тажрибаларимни қўллаб келяпман, аммо иложи бўлмаяпти. Ўзи дарс эшитишни истамайди, бошқаларга ҳам халақит беради. Ҳаракатлари нотўғрилигини айтсак, ўқитувчининг устидан шикоят қилиб, онасини чақиради. Онасиям яхши гапгаям, ёмон гапгаям кўнмайди. Хуллас, бу касбнинг ўзига яраша машаққатлари жуда кўп.
Сожида АБДУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги 290-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:
– Синфимдаги аълочи бир боланинг кўрсаткичлари тушиб кетди. Бир куни дарсга кеч қолиб келди. Юзлари қизариб кетган, ўзини тутиши ҳам ғалати эди. “Нима бўлди, нега кеч қолдинг? Мазанг йўқми?”, десам, “Устоз, дарсдан кейин гаплашсак майлими?” деди. Ўша куни ҳар бир дарс давомида тез-тез ҳожатга чиқишга рухсат сўрайверди. Дарс тугагач, қарасам боланинг оёғида пайпоғи йўқ, совуқ ўтиб кетгани учун ҳожатга чиқаётган экан. Синфдаги “запас” пайпоғни кийдириб, иссиқ чой бердим. Қорни тўйгач, уйдаги аҳвол ҳақида гапириб берди. Бувиси билан онаси келишолмай қолгач, онаси аразлаб, отасиникига кетиб қолган. Бола эса бир ойдан бери қари бувисининг қарамоғида, дадаси эрталаб ишга кетиб, кечқурун соат 12 ларда келар экан.
Уйдаги жанжал-тўпалондан бола безиб, стрессга тушиб қолган. Боланинг аҳволи ҳақида ота-онасини хабардор қилдим. Онаси уйларига қайтиб келди, бир муддат боланинг кайфияти яхшиланиб, хушчақчақ бўлиб қолди. Афсуски, қайнона-келин можароси сабаб онаси яна уни қари бувисига ташлаб кетиб қолди. Буви болага вақтида овқатини бермайди, кийим-боши билан ҳам иши йўқ. Шундай совуқда мактабга чойсиз, иссиқ кийим-бошсиз келади. Катталар ўртасидаги келишмовчиликларнинг жабрини болалар тортади. Бундай ҳолатдаги ўқувчиларнинг руҳияти менга ҳам таъсир кўрсатади. Ишдан қайтгач уйда ҳам боланинг тақдири ҳақида ўйлаб юраман. Ҳар йили таътилда кардиологга бориб, муолажа оламан. Бўлмаса бундай воқеаларни кўтаришга юрагим дош бермайди.
Яқинда бир она фарзандига ўқитувчиси паст баҳо қўйгани учун ҳақорат қилган. Ўқувчилар олдида оғзига келган гапларни қайтармай устоз билан тортишган. Ўша куни онанинг фарзанди устозининг кўз ёшларига гувоҳ бўлган. Уйга боргач, онасидан ҳеч қачон устозини хафа қилмаслигини, уни жуда-жуда яхши кўришини айтган. Она ўз қилмишидан уялган.
Мактаб остонасига қадам қўйиб, фарзандимиз ўқийдиган синф хонасининг эшигини очишдан олдин бу хонада фақат ва фақат маърифат нури тарқатилишини унутмайлик. Бизнинг болаларимизга ўз билими, меҳри, соғлиғини бераётган устозлардан биз ҳам ширин каломимиз-у ёрдамимизни аямайлик.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова тайёрлади.