Ўқитувчилар саломатлиги доимий эътиборда
Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийлар қадр-қимматини кўтариш мамлакатимиз раҳбари томонидан давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Муаллимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилди.
Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республикамиз бўйлаб “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” ҳам Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийлар ҳурмат-эътиборини ошириш, шарафли меҳнатини рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор ифодасидир.

Мазкур ойлик Наманган вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида қизғин олиб борилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бирламчи тиббий-санитария ёрдам бўйича бош мутахассиси Барчиной Аҳмедованинг қайд этишича, таълим тизими ходимлари орасидан тиббий кўрикка эҳтиёжи борлар рўйхати шакллантирилди.
Акция доирасида ҳозирга қадар 43 мингга яқин ўқитувчи, 22 мингдан ортиқ тарбиячи, жами 65 минг 304 педагогнинг 27 минг 150 нафари профилактик кўрикдан ўтказилди. Бетоблиги бор ўқитувчи ва мураббийларнинг амбулатор, кундузги ёки уй шифохоналарида муолажа олишга тавсия қилинганлари амбулатор-клиника муассасасида мавжуд дори-дармонлардан бепул фойдаланмоқда.

– Туманимизда тиббий кўрикдан ўтказилган 3 минг 351 ўқитувчи ва мураббийнинг 559 нафарида касалликлар аниқланиб, тармоқ режаси асосида даволаш чоралари кўрилди, – дейди Уйчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош врачи Аҳмаджон Дадабоев. – Айни кезгача 493 педагог соғломлаштирилди. Уйчидаги 7 оилавий поликлиника, 6 оилавий шифохона, 21 нафарлик патронаж бригадаси фаол жалб этилган. Улар тиббий кўрикка эҳтиёжи бор ўқитувчи ва мураббийлар рўйхатини шакллантиришда кўмаклашибгина қолмай, рўйхатга киритилган устозларни марказий поликлиникада бўлаётган кўрикка жалб қилиш билан тармоқ режасидаги кунлик кўрсаткичлар бажарилишида ҳам елкадош бўлмоқда.

Тиббий кўриклар якунида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади. Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика соғлиқни сақлаш муассасаларига имтиёзли йўлланмалар берилади.
– Президентимиз ўқитувчи ва тарбиячиларнинг йўқотилган обрўси, қадр-қимматини тиклади. Бундан кўнглимиз ва онгимизни янгича руҳ, кўтаринкилик, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчиларни камол топтиришга ишонч ва масъулият ҳисси эгаллади, – дейди Уйчи туманидаги 31-сонли умумтаълим мактабининг олий тоифали ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Маҳфура Раҳматчаева. – “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси таълим-тарбия ходимларига маънавий ва моддий ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Эшитишимча, Наманган вилоятида 42 минг 703 нафар ўқитувчи, 22 минг 601 тарбиячи тиббий кўрикдан бепул ўтказиляпти. Ҳолбуки, чуқурлаштирилган тиббий кўрик нархи 90 минг сўмлигини ҳисобга олсак, 65 минг 304 нафар педагог 5 миллиард 877 миллион 360 минг сўм тўлаши керак эди. Аввалги йилларда кўрик тўловларни ўзимиз тўлардик. Бугунги кунда яратилаётган шароитлардан илҳомланиб бутун кучимизни келажак авлоднинг сифатли таълимига сарфлашга бел боғлашимиз лозим.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.