Ўқитувчилар қурултойи Самарқанддан бошланди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан республика бўйлаб ўтказилаётган “Ўқитувчилар қурултойи”нинг дастлабкиси Самарқанд вилоятида ташкил этилди.
Таълим ислоҳотларини биргаликда амалга ошириш, ўқитувчиларни ягона кучга айлантириш ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилаётган қурултой Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида семинар-тренинг билан бошланди.
Айни пайтда вилоятнинг бир гуруҳ педагоглари Президент мактабида фаолият юритаётган хорижлик малакали мутахассислар иштирокида ўтказилаётган семинар-тренингда қатнашмоқда.
[gallery-15136]
– Қурултой доирасида мактабимизда ўтказилаётган семинар-тренинг машғулотларида вилоятимиз педагоглари бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёт йўналишларидаги замонавий таълим методикалари бўйича ўз билим ва малакаларини оширмоқда, – дейди Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби директорининг махсус фанлар бўйича ўринбосари Санжар Эгамов. – Машғулотлар мактабимизнинг энг тажрибали хорижлик мутахассислари томонидан олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор бугунги кунда таълим бериш жараёнларини энг самарали усулларда ташкил этишга қаратилган. Хусусан, ўқиш саводхонлиги ва она тили фанлари доирасида 4К моделини қўллаш, ўқувчиларда ХХI аср кўникмаларини шакллантириш, лойиҳага асосланган таълим каби методикалардан фойдаланган ҳолда умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш мақсад қилинган. Бу методикаларни афзаллиги унда ўқитувчи ўқувчиларни йўналтирган ҳолда дарсни ўзлаштиришда ўқувчиларнинг фаоллигини оширади. Албатта, ушбу машғулотлар тизимда таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Тадбирларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев иштирок этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари