Ўқитувчи ва тарбиячи ҳамкорлиги самара беради
Инсон бутун ҳаёти давомида эгаллайдиган билимларининг 70 фоизини 5-6 ёшгача бўлган даврда ўзлаштирар экан. Демак, бу давр инсон келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига айланган.
Хусусан, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу борада Бухоро вилоятида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 6 ёшли болалар сони 37 231 нафарни ташкил этади. Уларнинг 34 769 нафари мактабга тайёрлов жараёнига қамраб олинган. Қамраб олинган болаларнинг 3 155 нафари қисқа муддатли гуруҳларда, 6 953 нафари бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида, 24 648 нафари эса тўлиқ кунлик тайёрлов гуруҳларида таълим олмоқда.


Бунда мактабларнинг бўш турган биноларида мактабгача ва мактаб таълими ҳамкорлигида ташкил этилаётган мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларининг улуши салмоқли ўрин эгалламоқда.
– Болаларни мактабга тайёрлашнинг ҳамкорликдаги бу усули боғча ва мактаб орасидаги ўзаро узвийликни таъминлашга хизмат қилади, – дейди мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳидоят Жумаева. – Бунда бола бевосита мактаб ҳаёти ва биринчи муаллим билан яқиндан танишади, мулоқотда бўлади. Бу уларда ўқувчилик кўникмасини шакллантиради ва боланинг мактабга қийинчиликсиз осонгина мослашишини таъминлайди. Айни пайтда ушбу самарали тажрибани вилоятимизнинг барча туманларида кенг татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда.


Биргина Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактаби ҳамда 7-мактабгача таълим ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган ана шундай гуруҳларда бугун 90 нафар бола қамраб олинган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган ўқув-семинар жараёнида мажбурий тайёрлов гуруҳи тарбиячилари ҳамда бошланғич синф ўқитувчилари мактабда мазкур йўналишда йўлга қўйилган гуруҳлар фаолияти билан яқиндан танишди. Ўқитувчи ва тарбиячи ҳамкорлигида “Илм йўли” ўқув дастури ҳамда замонавий методикалардан фойдаланган ҳолда олиб борилаётган машғулотлар, тренингларда иштирок этди. Бу борадаги тажрибаларини бойитди, муҳим кўникма ва тавсияларга эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири