Ўқишдан ишгача: Андижонда дуал таълим қандай ишлаяпти?
Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар мутахассислар ва жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Жумладан, «Барқарор ривожланиш маркази» бош мутахассиси Алишер Азизов ЎзА мухбирига мазкур ташриф ҳамда вилоятда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида «Андижон-Ҳуаня» халқаро техникуми фаолияти билан танишди. «Ипак йўли» саноат зонасида жойлашган ушбу техникум дуал таълимнинг вилоятдаги амалий мисолларидан биридир. Бу ерда ўқувчилар назарий билимни техникумда эгаллаб, амалиётни саноат зонасидаги корхоналарда ўтамоқда. Мазкур тажриба Андижонда касбий таълим янги саноат корхоналарининг эҳтиёжлари билан қай даражада боғланаётганини таҳлил қилиш имконини беради.
Бу масала Андижон учун айниқса, долзарб. Ташриф давомида вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманини қамраб олган, умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳаси тақдим этилди. Шундан 98 таси ишга туширилди, яна 108 тасининг қурилиши бошланди. Лойиҳалар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бироқ корхона қуришнинг ўзи кифоя эмас. Унда замонавий ускуналарни ишлата оладиган, ишлаб чиқариш жараёнини биладиган мутахассислар ҳам керак. Янги саноат лойиҳалари кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам шунга мос ўзгартиришни талаб қилмоқда.
«Андижон-Ҳуаня» халқаро техникуми ана шу эҳтиёжга жавоб бериши керак. 2026 йил июнь ойида иш бошлаган муассасада ҳозир 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Техникум тўқимачилик, машинасозлик, электротехника ва бошқа юқори технологияли корхоналар учун мутахассислар тайёрлайди. Унинг биноси 5 минг ўқувчига мўлжалланган, аммо бу ҳозирги ўқувчилар сони эмас. 2030 йилга қадар йиллик қабулни 1 минг 800 нафарга, ўқувчиларнинг умумий сонини 4 минг нафарга, таълим йўналишларини 20 тага етказиш режалаштирилган. Бу режаларнинг натижаси таълим корхоналарнинг ҳақиқий эҳтиёжларига қанчалик мослаштирилишига боғлиқ.
Дуал таълимда техникум назарий асосни беради, корхона эса ўқувчига замонавий ускуналар билан ишлаш ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини яратади. Лекин корхона фақат амалиёт учун жой ажратиб берса, кутилган натижага эришиш қийин. Иш берувчи қандай мутахассисга эҳтиёж борлигини билдириши, ўқув дастурини шакллантириш ва ўқувчининг тайёргарлигини баҳолашда қатнашиши зарур. Амалиётнинг аниқ дастури, тажрибали устози ва баҳолаш мезонлари бўлиши керак. Акс ҳолда ўқувчининг корхонада ўтказган вақти касбий тайёргарлик эмас, оддий иш жараёнини кузатиш билан чекланиб қолиши мумкин.
Бу тизим «Eco Cotton» корхонасида ҳам қўлланилмоқда. Ёшлар назарий билимларини автоматлаштирилган ускуналар ва рақамли бошқарув тизими жорий этилган ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда. Расмий маълумотга кўра, корхонада мингта доимий иш ўрни яратилган. Аммо расмий хабарда бу иш ўринларининг қанчасини дуал таълим асосида тайёрланган ёшлар эгаллагани кўрсатилмаган.
Балиқчидаги «LB Sport» корхонасида эса икки техникумнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Олтинкўлдаги чарм-пойабзал саноат зонасида дуал таълим маркази ташкил этилган. Хўжаободдаги «ақлли» сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқариш корхонасида ҳам шу дастур йўлга қўйилган. Тизимнинг турли тармоқларда қўлланилаётгани ижобий. Чунки ҳар бир соҳага ўзига хос билим ва малакага эга ходим керак. Энди асосий вазифа қамровни кенгайтириш билангина чекланмай, ҳар бир амалиётнинг сифати ва натижасини таъминлашдир.
Тизим тўғри ишласа, ўқувчи амалий тажриба орттиради, иш берувчи эса бўлажак ходимни корхона эҳтиёжларига мос тайёрлаш имконига эга бўлади. Техникум ҳам ўқув дастурини ишлаб чиқаришдаги ўзгаришларга қараб янгилаб боради.
Дуал таълимни баҳолашда энг муҳим саволларга битирувдан кейин жавоб топилади. Неча нафар ёш ўқишни тугатди? Уларнинг қанчаси ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди? Иш ҳақи ва меҳнат шароити қандай? Улар бир йилдан кейин ҳам шу касбда ишламоқдами? Бу мезонлар БРМнинг 4.4-вазифасида назарда тутилган касбий-техник кўникмаларни ривожлантириш ҳамда 8.5-вазифасида белгиланган самарали бандлик ва муносиб меҳнат билан бевосита боғлиқ. Касбга ўргатишнинг ўзи кифоя эмас. Таълим ёшни барқарор бандлик, муносиб иш ҳақи ва касбий ўсиш имкониятига олиб борсагина, кутилган натижага эришилади.
Шу боис, техникумлар ҳар йили фақат қабул ва битирув кўрсаткичларини эмас, битирувчиларнинг қанчаси мутахассислиги бўйича ишга жойлашганини ҳам эълон қилиши мақсадга мувофиқ. Маълумотлар таълим йўналишлари ва ҳамкор корхоналар бўйича очиқланса, қайси дастур самара бераётгани, қаерда эса ўзгариш зарурлиги аниқ бўлади. Андижонда дуал таълим учун дастлабки замин бор: техникум, амалиёт базаси бўладиган корхоналар ва касб ўрганаётган ёшлар. Энди уларни натижа берадиган тизимга боғлаш керак. Дуал таълимнинг ҳақиқий самараси ёш диплом олганида эмас, ўз касби бўйича муносиб ва барқарор иш топганида кўринади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.