“Оқила аёллар” ҳаракати: самарадорлик ортмоқда
Андижон вилоятининг барча туман, шаҳар маҳаллаларида “Оқила аёллар” ҳаракати фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда ҳаракат аъзолари, фаоллари самарали иш олиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда обрў-эътиборга, катта ҳаётий тажрибага эга аёлларни ўз сафига жамлайдиган “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил этиш таклифи илгари сурилган эди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари: “Бу ҳаракат том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур.
Ҳеч бир она фарзандининг келгусида бахтсиз бўлишини истамайди. Шу маънода, мен муҳтарама оналаримизга мурожаат қилмоқчиман. Бугун биз ватаннинг шон-шуҳратини юксалтирадиган тарихий даврга қадам қўйдик. Шунинг учун, сизлар фарзандингизнинг қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдиринг, буюк орзуларни жойлашга интилинг.
Оналаримиз юксак фазилатли, мард, жасур фарзандларни тарбиялаб берса, биз уларни замонавий мактаб ва олийгоҳларда камолга етказамиз. Мақсадимиз — ҳар бир оила, хонадон ва маҳалла мана шу улуғ ҳаракатнинг марказига айлансин”, деган эди.

Президент таклифидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 8 августда “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарор ижроси доирасида ўтган давр мобайнида Андижон вилоятида ҳам самарали ишлар амалга оширилди.
Андижон вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси қошида “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилиб, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътиборга, катта ҳаётий тажрибага эга 40 нафар аёлдан иборат ҳаракат аъзолари таркиби шакллантирилди. Бундан ташқари, туман, шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимларида 30 нафардан, вилоятдаги ҳар бир маҳаллада 15 нафардан ҳаракат аъзолари белгиланиб, вилоятда 13 минг 835 нафар фаол ва ташаббускор аёлни ўз сафига бирлаштирган ҳаракатнинг 904 та бошланғич гуруҳлари ташкил этилди. Барча бўғинларда ҳаракат етакчилари сайлаб олинди.
– Ҳаракатнинг асосий вазифаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида жамиятимизда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни опа-сингиллар, айниқса, ёшларимиз қалбига чуқур сингдиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, – дейди Андижон вилояти “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Манзурахон Эгамова. – Шунингдек, фаолиятимизда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Андижон вилояти “Оқила аёллар” ҳаракатининг йиғилишида ўтган йили амалга оширилган ташкилий ва фаолият кўламини кенгайтиришга қаратилган ишлар атрофлича таҳлил этилди.
– Ўтган йили ҳаракат фаолиятини кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди, – дейди вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси, Андижон Машинасозлик институти ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Раънохон Юсупова. – Талаба қизлар, институтимиз ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи онахонлар, уй бекалари, ёшлар иштирокида уларнинг фаоллиги, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, ёшларнинг илм олиши, маърифатли, юксак маънавиятли аёллар сафини кенгайтириш бўйича қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Вилоятнинг туман ва шаҳарларида ҳам Ҳаракат фаолиятини кенгайтириш, самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Хўжаобод туманида ўтказилган "Китобхон оналар – бизнинг эъзозимизда" мавзусидаги давра суҳбатида маҳаллалардаги китобхон оналар тажрибасини оммалаштириш тарғиб этилди.
– Китобхон оналар, отинойилар, хотин-қизлар фаоллари иштирок этган давра суҳбатида китобнинг инсон ҳаёти ва жамият ривожидаги ўрни, фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти, аёллар, айниқса, уй бекалари ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, бунда оналарнинг шахсий намуна бўлишлари хусусида сўз юритилди, – дейди Хўжаобод тумани “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Неъматхон Йўлдошева. – Умуман, фаолиятимизнинг барча йўналишларида таъсирчан ва самарали тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА