“Оқибат” – янгиланишлар марказидаги маҳалла
Бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллаларни ривожлантириш ва жамият ҳаётини янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Айниқса, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга борасида тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Пойтахтимиздаги Оқибат маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бу ислоҳотларнинг амалдаги самарасини яққол намоён этади.
Амир Темур хиёбонига яқин бўлган Ўзбекистон овози кўчасида жойлашган мазкур маҳалла 25 та кўп қаватли уйдан иборат бўлиб, аҳоли зичлиги юқори ҳудудлардан ҳисобланади. Шу боис бу ерда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилган.
Маҳалла “еттилиги” ташаббуси асосида фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кенг имкониятлар яратилди. Имтиёзли кредитлар ажратилиши орқали кафе, ресторан, сартарошхона, кимёвий тозалаш ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди. Бу эса бир томондан аҳоли учун янги иш ўринлари яратса, иккинчи томондан маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
– Ислоҳотларнинг муҳим чора-тадбирларидан бири – бўш ертўла ва умумий инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаландик, - дейди маҳалла раиси Муяссар Йўлдошева. – Ушбу ёндашув орқали кичик бизнес ва таълим марказлари ташкил этилиб, ёшлар учун касб-ҳунар ўрганиш имкониятлари кенгайтирилди. Дизайнерлик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан очилган ўқув марказлари бугунги кунда ёшларнинг ўз бизнесини бошлашида муҳим майдонга айланди.
“Рақамли маҳалла” платформасининг жорий этилиши эса бошқарув тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Барча хизматларнинг электрон шаклга ўтказилиши орқали ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди ва аҳоли мурожаатлари тезкор ҳал этилмоқда.
Маҳалланинг ижтимоий ҳаётида ёшлар сиёсати алоҳида ўрин тутади. Шу жиҳатдан масканда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва миллий қадриятлар руҳида тарбияланиши учун турли тарғибот тадбирлари, учрашувлар ва маданий дастурлар ташкил этилмоқда. Ёшларнинг бундай жараёнларга фаол жалб этилиши уларнинг дунёқарашини кенгайтириб, фуқаролик позициясини шакллантиради. Шу билан бирга, бу каби ташаббуслар навқирон авлодни турли салбий таъсирлардан асраш, уларни ватанпарварлик ва масъулият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-28839]
Ҳудудда хавфсизлик масалалари ҳам тизимли ҳал этилган бўлиб, жойларда 350 дан ортиқ видеокузатув камераси ўрнатилган, кириш жойларида чақирув тугмалари жорий этилган ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида қўриқлаш пункти фаолияти йўлга қўйилган.
Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Манзарали ва мевали дарахтлар экилиши натижасида маҳалланинг экологик муҳити яхшиланмоқда. Дарахтларнинг аксарияти мевага кириб ҳам улгурди.
Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Саломатлик йўлакчалари, воркаут майдончалари, болалар ўйингоҳлари ва мини футбол майдонларининг барпо этилиши бу йўналишдаги ишлар самарасини кўрсатмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, “Оқибат”да яратилган тизимли ёндашув, “маҳалла еттилиги” фаолияти ва жамоавий бирдамлик натижасида обод, хавфсиз ва фаровон ҳаёт муҳити шаклланмоқда.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА