Оқ олимпиаданинг илк шов-шувлари
225 нафар спортчи билан қатнашаётган АҚШ олимпиячилари илк кунги беллашувларда совринли ўринлардан биронтасини ҳам эгаллай олмагани катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Хитой пойтахти Пекинда бошланган қишки Олимпия ўйинларининг илк мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар маълум бўлди.
Кеча 5 февраль куни давомида тўрт йилликнинг оқ олимпиада баҳслари дастуридан ўрин олган 6 та спорт турининг белгиланган йўналишларида 18 та медаллар жамланмаси совриндорлари маълум бўлди.
Муросасиз мусобақаларда иштирок этиш бахтига мушарраф бўлган спортчилар биатлон, конкида югуриш, чанғи пойгаси, трамполиндан сакраш, фристайл ва шорт-трейк спорт турларининг йўналишларида медаллар учун курашишди.
Ўтказилган мусобақалар натижасига кўра, ҳозирча ўйинларда қатнашаётган 91 та мамлакатдан 13 тасининг вакиллари Пекин-2022 совринларига эга бўлиб туришибди.
Умумий медаллар жамғариш бўйича 6 февралгача бўлган ҳолатда 2 та олтин медаль билан Норвегия вакиллари пешқадамлик қилаётган бўлса, улардан кейинги ўринларни Словения, Недерландия, Хитой ва Швеция давлат спортчилари 1 тадан олтин медални қўлга киритган ҳолда банд қилиб турибди.
Бугун 6 февраль куни XXIV қишки Олимпия ўйинларида 7 та спорт йўналишида медаллар жамланмаси учун кураш бўлиб ўтади. Шунингдек, 4 та спорт турида ўйинларнинг саралаш баҳслари давом этади.
Хабар берганимиздек, мазкур нуфузли спорт мусобақасида иштирок этаётган ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев айни кунларда Пекин яқинидаги Янцин шаҳарчасида 13 ва 16 февраль кунлари ўтадиган тоғ чанғиси баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА