Наманган вилоятида чет эл инвестицияси иштирокидаги 97 корхона фаолият кўрсатмоқда
Наманганда Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуни ижроси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Наманганда Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуни ижроси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2016 йилга белгиланган қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти режаси асосида ўтказилган йиғилишда мазкур қўмита аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар раҳбарлари қатнашди.
Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А.Жалилов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар жараёнида қулай инвестиция муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Наманган вилоятида ҳам ушбу қонун ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда чет эл инвестицияси иштирокидаги 97 корхона фаолият кўрсатаётир. Улар томонидан йилнинг ўтган тўққиз ойида 150 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 44 миллион 300 минг долларлик экспорт амалиёти бажарилди.
Инвестиция ҳажмини кўпайтириш мақсадида ишлаб чиқилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш дастурига асосан 14 миллион 600 минг доллар миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Жумладан, вилоятдаги “Verigrow ipagi” хорижий корхонасига ипак маҳсулотлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун 150 минг доллар, “Exam Energe” қўшма корхонасига аккумулятор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси учун 400 минг доллар, “Чартак ресорт” қўшма корхонасига соғломлаштириш масканини ташкил этиш лойиҳаси учун 5 миллион 500 минг доллар миқдорида хорижий инвестиция тўғридан-тўғри жалб этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда Швейцария, Нидерландия, Сингапур ва Россия инвесторлари ҳамкорлигида енгил саноат, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, металлконструкция ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 6 янги қўшма корхона ташкил этилди.
Йиғилишда назорат-таҳлил ишлари натижасида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.