Ўнҳаятлик ўқувчиларга байрам туҳфаси
Наманган вилояти Уйчи туманидаги Ўнҳаят маҳалласида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрамига муносиб туҳфа сифатида 3-сонли умумтаълим мактаби биноси фойдаланишга топширилди.
“Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилган 9 миллиард 456 миллион сўмдан зиёд бунёдкорлик ишлари натижасида ушбу муассаса тамомила ўзгача чирой очиб, замонавий қиёфа касб этди.
Очилиш тадбирида ушбу масканнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимини ислоҳ қилиш, келажагимиз пойдевори саналган ёшлар тарбияси, уларга замон талаблари асосида шарт-шароитлар яратилаётганининг амалдаги ифодаси эканлиги таъкидланди.
Маълумот учун, 2017-2021 йилларда Наманган вилоятидаги 85 мактабда мукаммал таъмирлаш, 90 тасида капитал реконструкция ишлари амалга оширилиб, 15 та янги мактаб қуриб фойдаланишга топширилди. Ушбу эзгу мақсадлар йўлида 664 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди.
[gallery-8577]
Биргина, 2022 йилнинг ўтган даврида вилоятда инвестиция ва бошқа дастурлар ижроси доирасида 13 та мактабда мукаммал таъмирлаш, 14 тасида эса реконструкция ишлари олиб борилди. Янги ўқув йилида эса 6 та янги мактаб ўз фаолиятини бошлаш арафасида. Мазкур саъй-ҳаракатлар учун 213 миллиард сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилди.
– 1928 йилда ташкил топган даргоҳимиз бундан 10 йил олдин дастурга тушган эди, кейинги йилларда ўқувчилар 2,3 коэффицентда ўқиб, анча қийинчиликлар келиб чиқаётган эди, – дейди мактаб директори Акмал Абдуллаев. – Бугунга келиб ана шу заҳматлар ортда қолди. 84 нафар педагог ходим ва 1650 нафар ўқувчи яқинлашиб келаётган янги ўқув йилини таълим стандартлари талабларига мос келувчи масканда бошлайди. 420 ўринли уч қаватли қўшимча бино қурилди. Бу билан қамров 1140 ўринга етди. Олдинлари технология хоналари, ошхона, кутубхона, замонавий лабораториялар мавжуд эмас эди. Эндиликда буларнинг барчаси фарзандларимиз ихтиёрида.
Мактабнинг ҳар бир синф хонаси ўқувчилар кайфиятини кўтарувчи ранглар, айниқса, кимё, биология, физика, хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари зарур жиҳозлар, информатика хонаси эса замонавий интерактив доскалар, компьютер технологиялари билан таъминланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА