Онасининг жанозасига бора олмаган ўғил дуоси
Аслида Ўзбекистонда туғилганман. Тақдир тақозоси билан болалигимда Туркистонга кетганмиз. Аммо мен вояга етгач ота юртимда яшашни ихтиёр этдим.
Бироқ, 28 йил давомида фуқаролик ололмадим ва бу ерда бегонадек яшадим. Қўлимда паспортим бўлмагач, хорижга чиқишимда ҳам кўплаб тўсиқлар бор эди. Шу тариқа ўз онамнинг жанозасига бориш ҳам насиб қилмади…
Бу Тошкент шаҳри Миробод тумани Фурқат маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳмуд Бурхоновнинг сўзлари. Бу инсон 2021 йилда фуқаролик паспорти олди.
– Президентимизнинг фуқаролик бериш бўйича сиёсати мен каби одамларга катта қувонч, умид ва ишонч берди, – дейди у. – Ҳозир бунинг учун Шавкат Мирзиёевни кўп дуо қиламан. Чунки улар туфайли бизга йўллар очилди. Ҳозир истаган вақтимиз чегарадан бемалол ўтиб, онам қабрини зиёрат қилишим, яқинларимиз дийдорини кўришим мумкин.
Ҳақиқатан, бундан бир неча йил илгари фуқаролик энг оғир, яъни ечими деярли йўқ бўлган муаммолардан эди. Шунинг учун шу заминда яшаб, меҳнат қилса ҳам минглаб фуқаролиги йўқ шахслар бор эди.
Ваҳоланки, бундай шахслар осмондан тушмаган, балки қўшни давлатларда туғилганлар эди, холос. Ажабланарлиси, фуқароликсиз яшаб келган шахсларнинг жуда кўпчилиги ўзбек миллатига мансуб эди. Демак, улар Ўзбекистонга “ўзимникилар” деб келган-у, аммо...
Фуқаролик паспорти олаётган кишилар билан суҳбатлашсангиз, беихтиёр кўзларига ёш олади. Бу – йиллар давомида чекилган изтироб ифодаси. Ахир айнан шундай одамлар паспорти йўқлиги учун қўшни давлатларга чиқа олмаган, яқинларининг дийдоридан ўн, йигирма йиллаб маҳрум яшаган.
Қолаверса, эл қатори яшаб, ишлай туриб, ҳамма фойдаланган ҳуқуқлардан фойдалана олмаслик инсонни таҳқирлашдай гап.
Кейинги йилларда ушбу соҳада рўй берган ўзгаришлар минглаб кишилар ҳаётида туб бурилиш ясади. Узоқ йиллар шу юртда яшаб, унинг ривожига ҳисса қўшаётган шахсларга фуқаролик берила бошлагани нафақат ўша шахслар қалбида, балки халқаро миқёсда ҳам ижобий акс садо берди.
2016 йил декабрь ойидан бери етмиш мингдан зиёд шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. (Мустақилликнинг бошидан 2016 йилга қадар эса бор-йўғи 482 нафар шахсга фуқаролик берилган).
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги 20 та фармони қабул қилинди ва шу асосда 4 минг 567 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
2016 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқароликка қабул қилиш бўйича 93 фармони имзоланди. Шунга асосан 23 минг 15 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
2020-2021 йиллар давомида, республикамизда 15 йил ва ундан ортиқ муддатдан буён доимий рўйхатдан ўтиб, фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси асосида яшаб келаётган жами 44 минг 539 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиниб, уларга ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти (2021 йилдан бошлаб эса - идентификация ID-карта) берилди.
2021 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун билан фуқароликка оид муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди. Эндиликда 15 йил давомида шу ерда муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилади.
Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон фуқароси, деб тан олиш борасидаги сиёсат жамиятда фуқаросизликни қисқартириб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янада оширди.
Норгул Абдураимова, ЎзА