Онанинг дуоси – юртнинг қўрғони
Бугун орамизда умргузаронлик қилаётган табаррук инсонлар борлигидан ҳар қанча қувонсак, уларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак ҳам кам. Чунки ана шу инсонларнинг ҳаёт йўли биз учун ибрат мактаби, насиҳатлари билан эса ҳаётимиз файзли, йўлларимиз ёруғ.
Андижоннинг файзли гўшаларидан бирида шундай бир инсон яшайдики, унинг чеҳрасидаги ҳар бир ажин – бир тарих, ҳар бир сўзи – олтинга тенг ўгит. Пахтаобод туманининг Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи 109 ёшли Чиннихон момо бугун нафақат бир оиланинг, балки бутун элнинг дуогўй фариштасига айланган.
Сўзлари содда ва самимий онахон билан суҳбатлашсангиз, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари – ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни муродга, эъзоз, эҳтиромга етказишига яна бир бор амин бўласиз.
Чиннихон момо ҳаётда кўп синовларни бошидан ўтказганлиги, ёшлик йиллари машаққатли кечганлигини фарзанд ва набираларига кўп бор гапириб берган.
Фарзанди Фозилжон аканинг айтишича, онахон 13-14 ёшидаёқ, елкасига кетмон илиб далага чиққан. Болалик нималигини билмай, ғўза чопган, ариқ тозалаган. Колхозда нимаики иш бўлса, бажарган. Фақат қорин тўйғазиш, уйига бир бурда нон олиб келиш учун ишлаган.
– Онам уруш йилларини кўзида ёш билан эслайди, – дейди онахоннинг 68 ёшли кенжа фарзанди Фозилжон. – Ҳар сафар қанча қариндош, маҳалладош ёш йигитлар урушга кетиб қайтмагани, қанча аёл бева, қанча болалар етим қолганини гапиради. Яратгандан ундай қаро кунлар ҳеч қачон қайтмаслигини, юртимиз тинч бўлишини тилаб, дуолар қилади.
Чиннихон момо турмуш ўртоғи Омонбой ака билан беш нафар ўғил-қизни вояга етказиб, эл қаторига қўшди. Бугун фарзандларининг уч нафари ҳаёт. Ҳозирда кенжа фарзанди 68 ёшли Фозилжон ака, келини Ёқутхон ая, невара келинлари Зарифахон, Саодатой момонинг хизматида.
– Яратганга беадад шукрлар бўлсин. Шундай тинч, дориламон кунларда яшаяпмиз, – дейди момо. – Ҳозирги тинч, фаровон ҳаётнинг қадрига етайлик. Умрим меҳнатда ўтди. Ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш, чиройли муомала инсон умрини узун қилади.
[gallery-29053]
Урушдан кейин 1961 йилда хасталик туфайли турмуш ўртоғи оламдан ўтади. Чиннихон момо мактабда фаррошлик қилди, ипак қурти боқди, аммо, ҳеч қачон нолимади. Фарзандларини эл қаторига қўшди, ҳалолликни уларнинг қалбига муҳрлади. Ёлғиз, аёл боши билан фарзандларига бош-қош бўлди, уларни уйлади, турмушга берди.
Бугун Чиннихон момо Андижон вилоятининг энг кекса, табаррук инсони сифатида эл ардоғида. Ўтган йили мустақиллик байрами арафасида онахон Президентимиз фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Чиннихон момо каби табаррук инсонлар бизнинг маънавий устунларимиздир. Уларнинг дуоси юртимизга файз, йўлларимизга ёғду беради. Аср билан юзма-юз келиб, шукроналик билан яшаётган бундай онахонларни эъзозлаш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.