Оналарга эҳтиром Фарғонада бошқача
Бу йил Фарғона вилоятида учинчи бор ўтказилган “Оналарга эҳтиром” фестивалининг якуний босқичи доирасида Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи” да катта байрам дастури ташкил этилди. Боғ ҳудудидаги амфитеатр вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 1,5 минг нафардан зиёд мўътабар онахонлар ҳамда аёлларни ўз бағрига жамлади.
Дунёда она меҳридан улуғ ҳис йўқ, унинг таърифига сўз ожиз. Буюк мўъжиза бўлган бу зот ҳаётимизнинг мазмуни, жонини ҳам фарзандига бағишлайдиган хилқатдир. Фарғонада ташкил этилган “Оналарга эҳтиром” фестивали уларга бўлган меҳрнинг катта тантанаси сифатида байрам қилинди. Барча шаҳар ва туманларда, ташкилот ва корхоналарда оналарга эҳтиром кўрсатилди.
Мазкур фестивалнинг якуний босқичи шодиёнасини вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди.
Президентимиз бошчиликларида бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг марказида мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимизни эъзозлаш, розилигини олиш, ҳаётларини енгиллаштириш, соғ-саломат бўлиб, бахтли бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадлари мужассам эканига эътибор қаратган вилоят ҳокими “Оналарга эҳтиром” байрамини ташкил этилиши ҳам ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилишини айтиб ўтди.
[gallery-11987]
Вилоятда ҳам хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.Ўтган йили 48 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 22 минг нафардан кўпроқ аёлларга 405 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. 23 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар кўплаб хонадонларга қувонч ва шодлик олиб кириб, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан ўзгартирмоқда. Минглаб аёлларимизнинг руҳи кўтарилиб, уларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланяпти.
Туризм ва маданият вазири Озодбек Назарбеков Фарғонада ўтказиб келинаётган “Оналарга эҳтиром” фестивали миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш йўлида қилинаётган катта қадам эканини қайд этиб, ушбу фестивални республика миқёсида ташкил этиш, “Оналарга эҳтиром” байрами ҳар бир маҳаллагача кириб боришини таъминлаш учун ҳаракат қилишини билдирди.
–Ушбу тадбирни ташкил этиш замирида ёш авлод онгу шуурига онадек табаррук зотга ҳурмат кўрсатиш, унинг олдидаги адо этиб бўлмас қарзни чуқурроқ англаш ва меҳри, заҳматига муносиб жавоб қайтариш каби фазилатларни сингдириш ғояси мужассам, – дейди О.Назарбеков. – Ғолиб бўлган онахонларнинг азму шижоати, замон билан ҳамнафаслигини кўриб, тўғриси, чин дилдан қувондик. Тадбирда биз, санъаткорлар онажонларимиз учун жўшиб куйладик. Уларнинг табаррук зот эканини яна бир карра мадҳ этдик. Зеро, оналар ҳар доим эъзозга, энг яхшиларига муносибдирлар.
Фестиваль доирасида “Энг яхши мутахассисларни тарбиялаган она”, “Энг ибратли меҳнаткаш она”, “Энг яҳши тадбиркорлар онаси”, “Ватан фидоийси онаси”, “Энг матонатли она” каби 12 та номинацияда вилоят миқёсида ғолиб бўлганларга мукофотлар топширилди.
Муножот Йўлчиева, Абдуҳошим Исмоилов, Илҳом Иброҳимов, Зулайҳо Бойхонова, Алишер Файз, Абдужалил Қўқонов, Муҳсинбек Мўминов, Зиёда Қобулова каби кўплаб республикамизда таниқли санъаткорлар иштирокида куй-қўшиқлар, шунингдек вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган Она мавзусидаги саҳна кўринишлари байрамга ўзгача шукуҳ бахш этди. Тадбирнинг концерт қисми Озодбек Назарбеков ижросидаги жозибали қўшиқлар билан якунланди.
“Оналарга эҳтиром” фестивали Марғилон узра порлаган ранг-баранг ва ёрқин мушаклар билан якунланди.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат