Она тилимиз тараққиётининг янги, тарихий босқичи
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида чинакам тарихий, қутлуғ ва унутилмас воқеа содир бўлди. Ўзбек тили байрами куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган янги қонун – “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши миллатимиз тараққиётида беқиёс рамзий маъно касб этиб, келажак сари ташланган улкан қадам бўлди.
Энг муҳими, узоқ йиллар давомида жамоатчилигимиз томонидан муҳокама қилиниб келинган ва қатор баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ноаниқликларга мазкур қонун билан қатъий нуқта қўйилди. Бу эса алифбомизни янада такомиллаштириш, ёзув ва имло қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда амалиётдаги турли чалкашликларни бартараф этиш йўлидаги тарихий аҳамиятга молик қарордир.
Асрлар давомида улуғ боболаримиз, маърифатпарвар жадидларимиз орзу қилган, халқнинг руҳи ва онгини бирлаштирувчи муқаддас қадрият – она тилимиз равнақи йўлида чинакам бурилиш ясади.
Ушбу тарихий воқелик юртдошларимиз томонидан мамнуният билан қарши олинмоқда. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бошлиғи Жўшқин Қосимов ҳам бу борада ўз муносабатини билдирди:

– Тарихга назар ташласак, ўтган аср бошларида майдонга чиққан фидойи жадид боболаримиз ўзларининг оташин мақолалари, илмий ва бадиий асарларида миллий тилни асраб-авайлаш, уни замонавий илм-фан ва тараққиёт даражасига кўтариш ғоясини байроқ қилиб кўтаришган эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат каби миллат фидойилари халқнинг ўзлигини англаши, жаҳонга ўз овозини баралла етказиши фақатгина бой ва мукаммал тил орқали амалга ошишини чуқур ҳис этганлар. Уларнинг “Тилни асрамоқ – миллатни асрамоқдир”, деган даъваткор чақириқлари бугунги кунда янги Ўзбекистонда амалий намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида таъкидланганидек, “Биз “Ўз” деган эзгу ғояни тилга муносабатимизда ҳам ана шундай тушунамиз ва жорий этамиз. Айни шу ғоя ўзак томирларимиздан озиқланиб келган она тилимизга дунё билан эркин мулоқот қилиш, замонавий билимларни ўзлаштириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришда янги куч-қувват беради, деб ишонамиз”.
Дарҳақиқат, бугунги кунда давлатимиз томонидан юритилаётган тил сиёсати асрлик армонларнинг рўёбига айланиб, миллатнинг маънавий иммунитетини янада кучайтирмоқда. Қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат тарзда такомиллаштирилгани халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг саводхонлик кўникмаларини ошириш, рақамли технологиялар ва глобал муҳитда она тилимизнинг имкониятларини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу ўзгариш нафақат алифбодаги шаклий такомиллашув, балки илмий асосланган, жамоатчилик фикри билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилган муҳим қадам.
“Адолат” социал демократик партияси ҳар доим жамиятда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш, адолат ва тенглик тамойилларини қарор топтириш тарафдори бўлиб келган. Шу маънода, ушбу қонуннинг ҳаётга жорий этилиши жамиятдаги барча жараёнларнинг адолатли, равон ва тушунарли бўлишини таъминлайди.
Қонунда ҳужжатларнинг муомалада бўлиши, давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳалар ҳамда кўрсаткичлардан фойдаланишда ўтиш даврининг пухта ўйлаб қўйилгани, ҳеч қандай сунъий тўсиқлар ёки қийинчиликлар туғдирмаслиги инсонпарварлик ва адолат тамойилларига тўла мос келади. Бу эса аҳолининг барча қатламлари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва давлат хизматчилари учун қулай шароит яратиб, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ҳамда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиради.
Президентимизнинг табригида кўрсатиб ўтилганидек, тилнинг ҳаётимиздаги ўрни ундан қанчалик самарали фойдаланишимизга бевосита боғлиқ. Бола ўз фикрини равон баён эта олса, талаба мураккаб илмий мавзуни тушунган ҳолда ўзлаштирса, фуқаро расмий ҳужжат мазмунини осонгина англаса – тил тараққиётининг ҳақиқий натижаси шунда кўринади.
Шу боис, таълим тизимини такомиллаштириш, дарсликларни янги авлод талаблари асосида бойитиш, болалар адабиёти ва кутубхоналарни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, китобхонликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш долзарб аҳамият касб этади.
Айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асрида ўзбек тилининг электрон базасини яратиш, матнни овозга, овозни матнга айлантирувчи дастурларни ривожлантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидандир. Бу борада давлат идоралари барчага намуна бўлиши, қонун ва қарорларнинг равон, тушунарли тилда ёзилиши таъминланиши керак бўлади.
Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада ошириш, миллий адабиётимиз ва илмий манбаларимизни жаҳонга танитиш борасидаги саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этиш ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчидир. Шунингдек, тиббиёт, муҳандислик, иқтисодиёт ва замонавий фаннинг бошқа тармоқларида ўзбек тилидаги илмий манбалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, атамашуносликни янада такомиллаштириш орқали она тилимизнинг илмий салоҳиятини юқори босқичга кўтариш лозим.
Миллатимизнинг жон томири, ғуруримиз ва маънавий қалъаси бўлган она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш ва келажак авлодларга безавол етказиш – барчамизнинг умумий вазифамиз экан, бу йўлдаги ҳар бир саъй-ҳаракат келажак олдидаги улкан масъулият ва бурчимизнинг амалий ифодаси бўлиб қолади.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди.
ЎзА