Она тилимиз қўрғони – дилимиз қай аҳволда?
Хабарингиз бўлса керак, интернет сайтларида бир гуруҳ “муҳтарам” ўзбек “зиёли”ларининг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги таклифи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган эди.
Хабарингиз бўлса керак, интернет сайтларида бир гуруҳ “муҳтарам” ўзбек “зиёли”ларининг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги таклифи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган эди.
Шундан сўнг адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг бу ҳолга муносабат билдириб ёзган “Ўзингдан чиққан бало...” мақоласи ЎзА сайтида эълон қилинди.
Муаллиф ўз мақоласида юқоридаги каби “холис”ларнинг юрак ютиб Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш борасида таклиф билдиришларига аввало, ўзимиз айбдорэканимизни айтади ва “Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлади”, дея тўғри таъкидлайди.
“Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонун “яйраб” ижод этилиши лозим эди. Афсуски, Ўзбекистоннинг бу қонуни энг ихчам, боз, унинг “тиш-тирноғи” йўқ – бирон моддаси бажарилмаса, жазо берадиган механизми мавжуд эмас”, деган хулосага келади. Бу фикрини “Давлат тили” ҳақидаги қонундан қатор иқтибослар келтириб исботлайди.
Тўғриси, кейинги чорак аср давомида ушбу масалани узил-кесил ҳал этишда ким қози-ю, ким даъвогар эканини ҳам билиб бўлмай қолди. Аммо интернет сайтларидаги фикрлар шу нарсани яққол намойиш этдики, она тилимиз халқ ҳимоятида. Бу борада юртдошларимиз келтирган далил-исботлардан кейин мутасадди ташкилотлар тез кунлар орасида ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўз мақомини эгаллашига енг шимариб киришишларига шубҳа йўқ.
Ана шулар ҳақида ўйлаб ўтириб, кўнглимнинг бир чеккасида: тилимиз-ку, собит, аммо ўша она тил, ўша ота сўз ифодалаган туйғуларнинг онаси бўлмиш дилимизнинг аҳволи қандай? Унинг ҳимоятида кимлар ва қандай воситалар қалқон бўлиши керак,деган андишалар туғилди.
Дарвоқе, дил нима ўзи?
Дил шундай бир илоҳий илмдурки, Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий жаноблари бекорга ”Дилингни билсанг, ўзингни таниғайсан”, деб бекор айтмаган.
Савол туғилади: биз ўз дилимизни қанчалик яхши биламиз? Бу саволнинг жавобини яна бир замондош аллома Мурод Хидир: “Қани энди бола тарбияси етти пушт наридан бошланган бўлса!..”, деб аллақачонлар айтиб қўйган.
Сирасини айтганда, аввалги замонларни қўя турайлик, кейинги юз йилда Нақшбандий ҳазратларининг: ”Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин!”, деган ўлмас ва сўнмас ўгитларига ҳар доим ҳам риоя қилишга вақтимиз ёки хоҳишимиз, ундан ҳам ташқари имконимиз бўлдими?
Ростини айтганда, вақтимиз бўлганда хоҳишимиз бўлмади, хоҳишимиз бўлганда эса имконимиз бўлмади. Биз дилимизни ўз ҳолига ташлаб қўйдик, тарбиясига қарамадик, бошқа кўчаларга улоқиб кетишига жим қараб турдик. Янада тўғрироғи, шўро даври уни биздан зўрлик билан юлиб олишга кўп марта уринди ва аксарият ҳолларда бунга эришди. Бу йўлда урф-одатларимиз, қадриятларимиз илдизига болта урилди.
Ана шундай пайтларда фақат иймони бут инсонларгина ўз дилларини асрай билишди. Тузумларнинг алмашинуви ҳам, ёзувларнинг ўзгариши ҳам уларга босим ўтказа олмади. Чунки улар собит ва собир одамлар эдилар.
Шулар ҳақида ёзяпману ёдимга бундан қирқ йиллар наридаги воқеалар тушади. Ўша пайтлари ишхонага (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси) Амир Темур хиёбони (собиқ инқилоб хиёбони) орқали ўтардим. Хиёбон эрталаблари одамлар билан гавжум бўлар эди. Айниқса,чет эллик ва бошқа республикалардан келган сайёҳлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, совет Ўзбекистонининг бош хиёбони билан танишар эканлар, уларни етаклаб юрган гидлар шундай дерди: “Инқилобгача Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи 2 фоизигина саводли эди. Қолган 98 фоизи ўқиш-ёзишни билмаган...”.
Бу гап на фақат мазкур хиёбонда, шунингдек, турли анжуманларда, катта-катта йиғинларда ҳар куни бир эмас, бир неча бор такрорланарди.
Ҳар сафар эрталаблари хиёбондан юрагимда чуқур оғриқ, қаттиқ изтироб билан чиқиб кетаман. Бир мен эмас, минглаб мен кабиларнинг хиёбондан бундай ҳар куни ” ўлиб” чиққанлари ҳақида авваллари ҳам ёзганман. ”Йўқ, халқимиз орасида саводли инсонлар кўп бўлган!”, деган гапни айтмоқчи бўлган ўзбекнинг қанча-қанча ўғлонлари манфур сиёсатнинг қурбонига айланди.
Айтмоқчиманки, халқимиз ҳеч бир даврда илмдан бебаҳра қолмаган. Зотан, буюк ёзувчи Чингиз Айтматов“Правда” газетасининг 1988 йил 13 февраль сонида чоп этилган бир мақоласида “...Қадим-қадим ўзбек маданиятининг ЎртаОсиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган...”, дея бекорга айтмаган.
Мана шундай иқрорларга сазовор халқ бугунга келиб тили ва дилини ёт унсурлардан қандай сақлаш ҳақида бош қотирмоқда. Ҳолбуки, халқ орасидаги ўзини англаган уламолари, ватанпарварлари ҳатто шўролар салтанати энг чўққига кўтарилган 60-йилларда ҳам бу масалага энг долзарб вазифа сифатида қарашган, тилни соф асраб келган.
Бугун эса ўз эркимиз ўз қўлимизда бўлган мустақил давлатмиз. Давлатнинг асосий ва муҳим қиёфаси эса унинг тилидир. Тилсиз давлат ва халқ ер юзида ўз қиёфасини йўқотиши муқаррар.Уни тилда эмас, дилдан ҳимоя қилишимиз, тилнинг она қўрғони - дилимизда миллийликни асрамоғимиз шарт. Шунда тилимиз боқий яшайди.
Ёқубжон Хўжамбердиев