Она тилим, ўзингсан буюк!
Тил — миллат кўзгуси. Тил — ўзбегимнинг либоси, ўзлигимиз тимсоли. Бугун бутун дунё ўзбек тилимиз жозибасини, латофатини, оҳангини баралла эшитди, эшитмоқда. Ҳар бир мамлакатнинг ўз тараққиёт йўли, халқаро майдондаги ўрни, ривожланиш тамойиллари ўз миллий маданиятига жонкуярлиги, ўз тилига кўрсатган юксак эҳтироми орқали намоён бўлади.
Миллатимиз фидойиси Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган сўзлари айни ҳақиқат эканлигини яхши англаймиз.
1989 йил 21 октябрда, яъни ҳали собиқ тузум мавжуд бир пайтда «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ўзлигимизни англаш йўлидаги улкан жасорат бўлган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тилининг давлат тили сифатида ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Куни кеча Адиблар хиёбонида Божхона институти ташаббуси билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан “Она тилим, ўзингсан буюк!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, адабиётшунос олимлар, шоир ва актёрлар иштирок этиб, ўзбек тилининг тарихий аҳамияти, миллий юксалиш йўлидаги ўрни тўғрисида илиқ фикрларини билдирдилар.

Тадбир давомида Божхона институти курсантларининг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган шеърий чиқишлари намойиш этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА