Она тилим – ғурурим, фахрим!
Инсоннинг онгу шуурига, қалбига Она тили она алласи билан киради. Бир умр ёдидан кўтарилмайди, энг ширин, энг лазиз дамларни ёдга солади. Шунинг учун ҳам тилни миллатнинг ғурури, ифтихори даражасига кўтарамиз. Бу йил Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил бўлди. Шу муносабат билан жойларда тадбирлар, учрашувлар, адабий-бадиий кечалар бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида ҳам «Она тилим – ғурурим, фахрим» мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда тилимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётган тилшунос, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, ўқитувчилар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар тилимизнинг ижтимоий ҳаётимизда ва миллий юксалишимизда аҳамияти беқиёс эканини айтиб ўтдилар.
– Ҳар бир халқнинг маданияти, маънавияти, руҳий парвозларини кўз-кўз қилувчи ягона омил мавжуд. Бу тилдир. Унинг асрлар мобайнида такомилига етиб боргувчи адабиёти, санъати, руҳий қадриятлари тил орқали намоён бўлади, – деди шоир Бобур бобомурод. – Шу маънода тил – катта маънавий бойлик, халқнинг ижодий қобилиятини юзага чиқарувчи воситадир.
Шундан сўнг, миллий қадриятларимиздан ҳисобланмиш алла садоси янгради. Қадриятларимиз орасида энг ажойиб бўлган анъана болани бешикка солиш маросими ижро этилди. Улуғ шоиримиз Муҳаммад Юсуф ижодидан ҳамда тилимизни улуғловчи ва мадҳ этувчи шеърлар ўқилди. Халқ оғзаки ижодидан айтилган лапарлар эса барча томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.
Ўтказилган ушбу тадбир барчанинг қалбига илиқлик бахш этди. Бизга бешикдан қадрдон бўлган Она тилимиз билан фахрланишимиз яна бир бор ўз ифодасини топди.
Файзулло Яхёев, ЎзА