“Она диёр - ранглар жилосида” танлови ғолиблари тақдирланди
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Она диёр - ранглар жилосида” расмлар танловининг Республика босқичи иштирокчилари асарлари кўргазмасининг очилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган, тасвирий санъат йўналишида (рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик) ижод қилаётган ёш ижодкорлар иштирок этишди.
Танлов 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 3 та ёш тоифалари бўйича 2 босқичда ташкил этилди. Биринчи босқич - вилоят босқичи бўлиб, июнь-июль ойларида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят бўлимлари томонидан ўтказилди.

Танловнинг Республика босқичида тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилаётган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ҳудудий босқич ғолиблари бўлган 7 ёшдан 30 ёш орасидаги 230 нафардан ортиқ ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.

Иштирокчиларнинг ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзолари, таниқли ижодкорлар, шунингдек, маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат нуфузли Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, жами 9 нафар ёш ижодкорлар танлов ғолиби деб топилди.

Иштирокчилар томонидан тақдим этилган асарларда асосан она диёримизнинг бетакрор табиати ҳамда хушманзара жойлари тасвирланган. Ижодий ишларнинг ҳар бирида ёш ижодкорларнинг дунёқараши ва туйғулари акс этган борлиқ, ҳиссиёт ва ёшариш дунёси яширинган.

Тадбир сўнгида танловнинг ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳар бир иштирокчига сертификат топширилди.
Кўргазма жорий йилнинг 13 сентябригача давом этади.
Г.Бобоева,
ЎзА