Омон қолиш стратегияси: ЕИ тарихида кескин бурилиш кутиляпти
Европа Иттифоқи ўз тарихидаги энг йирик бюджет учун музокара бошлади. 2028-2034 йилларга мўлжалланган янги молиявий дастур атрофидаги баҳс эса тузилма ичида жиддий сиёсий қарама-қаршиликни кучайтирмоқда.
Еврокомиссия 1,8 триллион евролик бюджет таклиф қилди, Европа парламенти эса бу маблағни 1,96 триллион еврога оширишни талаб қиляпти. Айнан шу 175 миллиард евролик фарқ минтақа келажаги учун қайси соҳалар устуворлиги билан боғлиқ мунозарани кучайтирди.
Табиийки, энг кўп тафовут мудофаа соҳасида кузатилмоқда. Янги режага кўра, хавфсизлик, ҳарбий инфратузилма ва фазовий дастурлари учун ҳозирги бюджетдан беш баробар кўп – 131 миллиард евро ажратилади. Россия – Украина уруши ва АҚШнинг Европа хавфсизлиги масаласига ёндашувидаги ноаниқлик ортидан Брюссель ҳарбий харажатни оширишга мажбур.
Бинобарин, қарордан ҳамма мамнун эмас. Масалан лойиҳада фермерлар, ижтимоий дастурлар ва иқтисодий жиҳатдан заиф ҳудудлар учун маблағ камайтирилган. Яъни, Чехия, Словения, Португалия каби давлатлар аввалгига нисбатан озроқ молиявий ёрдам олиши мумкин.
Германия, Нидерландия, Швеция ва Австрия “ортиқча харажат”га қарши чиқмоқда. Бу юртлар ҳеч қандай янги қарзсиз, ихчам бюджет тарафдори.
Европа парламенти эса иқлим, ижтимоий тенглик ва фуқаролар учун мўлжалланган дастурларга кўпроқ маблағ ажратишни сўраяпти. Қайд этилишича, 2026 йил 18 май куни парламент музокара бўйича расмий ечимни овозга қўяди.
Таҳлилчилар наздида бу баҳс фақат “рақамлар уруши” эмас, балки ЕИ келажакда қандай сиёсий ва иқтисодий йўлдан боришини белгилаб берадиган ҳал қилувчи тўқнашувдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА