Ўмон Ўзбекистон билан ҳамкорликка талпинади
18 ноябрь – Ўмон мустақиллиги куни
Бугун – 18 ноябрь санасида Арабистон оролининг жануби-шарқий қисмида жойлашган давлат – Ўмон Султонлиги ўз мустақиллик байрамининг 50 йиллигини кенг нишонламоқда.
Ушбу Миллий байрамда ўмонликлар мамлакат тараққиётининг сабабчиси бўлган марҳум Султон Қобус бин Саид бин Таймурни ёд этадилар.
У турли соҳаларда ривожланган замонавий давлатга асос солган. Султон Қобус бин Саид 2020 йилнинг 11 январида вафот этди. Бу куни подшоҳлик оиласи кенгаши марҳум Султонга бўлган ҳурмат ва миннатдорчилик ифодаси сифатида Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳазрати олийларини тасдиқлаш қарорини қабул қилди. Шу тариқа Ўмонда ҳокимият алмашинуви ҳеч қандай муаммоларсиз силлиқ ўтди. Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳокимиятни эгаллаганидан кейинги дастлабки ўн ой ичида, "Ўмон нигоҳи- 2040" билан ҳамқадам бўлиш мақсадида, давлатнинг бошқарув аппаратини қайта қуриб, турли соҳаларни қатъий ирода ва тинимсиз қатъият билан янгилашга эришди.
Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар тарих каби қадимийдир. Бу борада буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ўзининг “Мезон ул-авзон” асарида ўмонлик олим, аруз илми асосчиси Халил бин Аҳмад ал-Фараҳидийни мақтаб, у ҳақида илиқ фикрлар билдиради. Ўзбекистон Республикасининг тарихий, географик ва диний алоқалари, Султонлик билан муносабатларда янада ишончлиликни таъминлайди.Ўзбекистон Султонлик билан ўзига хос алоқаларга эга давлатлардан. Ўзбекистон Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм каби машҳур шаҳарларининг номлари, Ислом тарихида ўзининг илмий ишлари билан ёрқин из қолдирган Бухорий, Хоразмий, Беруний, Нисоий, Ибн Сино, Замахшарий, Термизий ва бошқа олимлари билан ҳам ҳар бир мусулмон, шу жумладан, ўмонликлар жой эгаллаган.
Янги даврга келсак, Ўмон Султонлиги Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини 1991 йил декабрида тан олди ва икки мамлакат ўртасида 1992 йилнинг 22 апрелида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Ўзбек-Ўмон муносабатлари доимий ўсиши ва ривожланиши билан ажралиб туради. Уларнинг пойдеворларига марҳум Султон Қобус бин Саид ва марҳум Президент Ислом Каримов асос солган. Бунга Президент Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг октябр ойида Султонликка амалга оширган расмий ташрифи чоғида эришилган.
Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланади. Хусусан, икки давлатнинг терроризм, экстремизм, қурол ва гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва бошқа халқаро масалалар бўйича ўзаро қарашлар бир-бирига мос келади. Икки давлат турли соҳаларда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Ўмон Султонлигининг 2010 йил апрель ойида Ўзбекистондаги элчихонаси очилгандан кейин бу ҳаракатлар янада жадаллашди.
Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда ва минтақавий ҳамкорликка йўналтирилган тамойилга таянадилар. Мамлакат сўнгги ўн йилликлар давомида Яқин Шарқ ва дунёда хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, зўравонлик, можаролар ва урушларга қарши, ривожланиш ва тинчлик маданиятини тарғиб этувчи тамойилни шакллантирди. Султонлик низо чиқарувчи томонлар билан яхши муносабатлари туфайли, кўпгина низо ва можароларни тинчлик йўли билан ҳал этди.
Бундан ташқари, Султонлик уруш, қотиллик ва вайронагарчиликларга олиб келадиган ва ривожланишга тўсқинлик қиладиган кўплаб низоларни ҳал қилишда муваффақиятга эришди. Шунингдек, Ўмон Султонлиги бошқалар фикрини қабул қилиш маданияти, турли миллатларни тинч-тотув яшаши ва низолашган томонлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун муносиб шароит яратиш, низоларни тугатиш ва тинчликка эришишнинг энг самарали усули, деб ҳисоблайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўмон Султонлиги Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида 2019 йил 21 октябрида муштарак қадриятларни ёйиш, мамлакатлар, маданиятлар, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва тинч-тотув яшашни тарғиб қилиш, нафрат ва муросасизликни рад этиш мақсадида "Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик: Ўмон Ислом рисоласи" номли кўргазмасини ўтказди.
Ўмон Султонлигининг ташқи сиёсати объективлик, нейтраллик, халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ишларига аралашмаслик, давлатларнинг яхлитлиги, суверенитети ва барқарорлигини сақлаб қолиш, бир томон манфаати эвазига бошқа томонга нохолислик қилмаслик билан ажралиб туради.
Ўзбекистон Республикаси ҳам худи шундай ўринни(позицияни) эгаллаган. У ҳам низолашган томонларни яраштириш учун ҳакамлик(воситачилик) қилиб, холис ва самимий ҳаракатларни амалга оширади. Бундан мақсад, минтақада тинчлик ўрнатиш ва қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишдир. 2016 йил Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати дунёнинг барча давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, унинг Афғонистондаги низолашган томонлар ўртасида мулоқот ва музокаралар дипломатиясини қўллаб-қувватлаши, ҳамда афғон халқининг ўнлаб йиллар давомида бошдан кечирган азоб-уқубатларнинг барча турларини тугатиш ва бу юртда тинчлик қарор топиши борасидаги муҳим роли барча томонидан эътироф этилди.
2009 йил Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биносини қуришда ўз ҳиссасини қўшиш учун марҳум Султон Қобус бин Саид ҳазратларининг буйруқлари чиқди. Бу Ҳазрати олийларининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика ва бошқа илмларнинг ривожига хизмат қилган ва муҳим рол ўйнаган, шу юртдан етишиб чиққан олимларга ҳурмат ва эътибори рамзи эди. Бу илмий даргоҳ қадимий қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлардан иборат маданий хазинага эгадир. Марҳум Султон Ўзбекистон Республикаси билан мавжуд маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бу лойиҳани амалга оширишга қарор қилди. 2018 йилнинг март ойида ушбу институтнинг янги биносининг очилиш маросимида иштирок этган Ўмон делегациясига Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Ҳазрати Олийлари раҳбарлик қилди.
2009 йилда ўзбек-ўмон инвестиция фондини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Қўшма инвестицион компания Ўзбекистоннинг ривожлантириш ишига ҳисса қўшмоқда, хусусан компания 2016 йилда 100 миллион доллар сармоя киритди ва 2017 йилда яна 100 миллион долларлик қўшимча маблағ орқали сармоясини оширди. 2019 йилга келиб, кўчмас мулк, инвестициялар, консалтинг ва капитал бозорлари бўлимлари очилди. Маълумот учун, компания 2020 йили инвестицион компаниялар орасида активларни бошқариш бўйича энг илғор компания сифатида тан олинди.
Компания ёрдами билан мамлакатимизда энг йирик босмахона ва қадоқлаш корхоналаридан бири ташкил этилди. Ўрта Осиёда йирик металл конструкциялар учун биринчи ва ягона иссиқ галванизациялаш заводи ташкил этилди. Ўзбекистондаги энг йирик темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш заводи қурилди. Юқори сифатли мева ва сабзавотларни тайёрлайдиган ва қайта ишлаб чиқарадиган фабрика ташкил этилди. Тошкентда аэропортининг янги биноси қурилиши ва бутун мамлакатнинг темир йўллари учун мўлжалланган майда тошлар(шағал)ни ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги етакчи заводлардан бири қурила бошланди.
Ўзбекистонда биринчи молия ва лизинг компанияси ташкил этилди, у орқали “UzOman”компанияси кичик битимларни молиялаштирмоқда.
Ўмон Султонлиги улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Султонлик кўплаб қадимий обидалар, сайёҳлик қадам жойларга эга бўлганлиги билан ўзига хос бўлиб, ўзининг сайёҳлик йўналишлари билан дунёда ажралиб туради. Пойтахт Масқат Султонликнинг энг муҳим шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шаҳар кўплаб туристик жойлар, жумладан, тарихий ёдгорликлар, археологик бинолар, тарихий дарвозалар, қадимий бозорлар ва бошқа обидаларни ўз ичига олган бўлиб, бу Ўмон туризмининг ёрқин намунасидир.
Мамлакатнинг жанубий қирғоғида жойлашган Султонликнинг “Сайёҳлик келинчаги" бўлмиш Салалани ёддан кўтармаслигимиз керак. Салала Ўмон энг гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. У мафтункор сайёҳлик жойлари ва табиий минтақаларининг кўплиги билан ажралиб туради. Буларга Дарбат водийси, Мағсил соҳили ва бир қатор тарихий ёдгорликларни мисол қилиб келтира оламиз.
Қум тепаликларида чодир тикишни ва юлдузлар тўла осмон остида тунни ўтказишни севадиганлар учун, Султонликдаги олтин қумли саҳролар, айниқса, шарқий минтақадаги Ваҳиба чўли айни муддаодир. Шулар билан биргаликда, Дохилия минтақасида қалъалар, боғлар, қадимий бозорлар ва бошқа аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган тарихий жойларга эга бўлган, гўзал ва қадимий шаҳарлардан бўлмиш Низва ва Баҳла жойлашган. Буларга қўшимча равишда, Ўмон Султонлигидаal-Jabal al-Axdar" ("Яшил тоғ") деб номланувчи бетакрор об-ҳавога эга ва доимо ям-яшил касб этган тоғ жойлашган. Бу тоғ, яшил зинапоялари билан бирга, Араб кўрфазининг бошқа ҳеч қайси минтақасида ўсмайдиган анор, шафтоли, ўрик, ёнғоқ ва атиргул каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг хилма-хиллиги билан ҳам машҳурдир. Тоғнинг баландлиги 3000 метр (10 минг фут) бўлиб, пойтахтдан тахминан 170 километр узоқликда жойлашган. Тоғ ўзига хос иқлим шароити сабабли Араб кўрфазида ягона ҳисобланади. У ердаги иқлимни бошқа Араб кўрфазидаги мамлакатларда учратиб бўлмайди. У ёзда мўътадил ҳарорати, қишда эса қаттиқ совуқ об-ҳавоси билан ажралиб туради.
Бир сўз билан айтганда, ҳамкорлик учун йўналишлар бисёр.