Омбудсманнинг БМТ билан ҳамкорлиги ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова,
Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳамда Омбудсман котибияти мудири Саидбек Азимов БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари масъул раҳбарлари: БМТ Тараққиёт дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги вакили Матильда Димовска, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (UNODC) раҳбари Ашита Миттал, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ходими (UNFPA) Камолхон Иномхўжаев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги вакили (OHCHR) Гулжаҳон Аманова, БМТ ОИВ/ОИТСга қарши қўшма дастурининг (UNAIDS) мамлакат миқёсидаги менежери Чарос Мақсудовалар билан учрашди.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Омбудсман Феруза Эшматова Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг жорий йилдаги фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди.
У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлагани, мазкур вазифа давлат раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам акс этганига эътибор қаратди.
БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер Омбудсман институтига “Б” мақоми берилгани билан табриклаб, ушбу муваффақиятлар давомли бўлиши, энди “А” статуси учун ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади ва бу борада Омбудсманга яқин кўмакдош бўлишини билдирди.
– Бу йил Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги муҳим йил, – дейди Хелена Фрейзер. – Чунки, давлатингиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида тўлақонли аъзо сифатида иш олиб боради. Ўзбекистон Президентининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам таъкидланган қийноқларга барҳам бериш бўйича факультатив протоколнинг ратификация қилиниши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича конвенциянинг ратификация қилиниши бизни жуда қувонтирди. Шунингдек, бу йилда Ўзбекистонга қийноқларга барҳам бериш бўйича олий вакил ҳам келади.
ЎзА