“Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалда
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш, хусусан, ижтимоий соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотларни, тинчлик ва барқарорликни ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда маҳалланинг ролини ва аҳамиятини ошириш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили томонидан Ромитан туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Ибн Сино” ва “Зарафшон” МФЙ фаоллари иштирокида навбатдаги тадбир ўтказилди.
Йиғилишда Олий Мажлис сенати аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Ҳусейнова ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда маҳалланинг роли ҳақида сўзлади.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан маҳалла фаоллари ҳудудда самарали иш олиб бориш фаолиятнинг бош мезонига айланишини, тинчлик ва барқарорликка эришиш бебаҳо бойлик эканлигини, маҳаллани обод қилиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси эканлигини таъкидлашди.
Тадбир иштирокчилари юртбошимиз ташаббуси билан бошланган демократик ислоҳотларни қатъий давом эттиришни, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва қарори лойиҳалари тўғрисида, биринчи навбатда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан, сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари эканлигини қайд этди.

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Ҳусейнова минтақавий вакил фаолиятини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги масалаларида бир қатор таклифларини билдирди.
Маърузачилар томонидан тадбир иштирокчиларига Президентимиз томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилишни такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш ҳамда профилактик тадбирларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида “Омбудсман мактаби” доирасида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича таклифлар ҳам олинди.
Тадбирда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларнинг муҳимлигига эътибор қаратилди.
Зариф Комилов, ЎзА