“Омбудсман мактаби” лойиҳаси – амалда
Бухоро вилояти Шофиркон туманида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) вилоят минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди. Унда “Қалқон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсманнинг) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова таъкидлашича, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалланинг ҳал қилувчи роли аҳамиятлидир. Халқ орасида “маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади, деган иборанинг мавжудлиги бежиз эмас.
[gallery-8839]
Йиғилишда инсон қадрини улуғлаш йилида инсон ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилиш йўналишида давлат органлари ва ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида амалга оширишнинг янги усул ва воситаларини яратиш, бунда маҳаллалардаги ёшларга тадбиркорликни ўргатиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган демократик ислоҳотларни қатъий давом эттириш, бош мезон ҳисобланган “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўлақонли рўёбга чиқариш, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” доирасида амалга ошириладиган устувор вазифаларнинг, биринчи навбатда, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш энг олий қадрият эканлиги таъкидланди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида “Омбудсман мактаби” доирасида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича таклифлар ҳам олинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА