“Омбудсман клуби”га аъзо энг фаол талабалар тақдирланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мазкур учрашув “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида бўлган талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш ва улар билан ўзаро фикр алмашиш ҳамда фаол клуб аъзоларини тақдирлаш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова талабаларга Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди.
Таъкидланишича, ҳозирда дунёнинг 200 га яқин мамлакатида Омбудсман институти жорий этилган ва улар мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади.
МДҲ давлатлари орасида эса Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб 1995 йил 23 февраль куни Омбудсман институти жорий этилган.
Ўтган давр мобайнида Омбудсман кўплаб фуқароларнинг, жумладан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди
Омбудсман – бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид масалалар ҳақида бонг урадиган мустақил ташкилот ҳисобланади. Қонун бузилишига оид ҳолатлар эса фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида аниқланади.
Ташкилот вазифаси нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки масалаларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш ва уларни тизимли бартараф этишдир.
Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи эса қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришда муҳим восита ҳисобланади.
Тошкент давлат юридик университети талабалари ва магистрлари иштирок этган очиқ мулоқот савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Самимий руҳда ўтказилган учрашув “Омбудсман клуби”га аъзо энг фаол талабаларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
ЎзА