Омборхонага яширилган гиёҳванд модда
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбир амалга оширилди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро И.Б.нинг яшаш хонадонида жойлашган омборхонаси кўздан кечирилди. Текширув жараёнида ушбу фуқаро томонидан гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний сақлаш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Хусусан, омборхонадан умумий оғирлиги 31 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланган гиёҳвандлик моддалари белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда қонун доирасида тегишли чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасидаги тезкор профилактик тадбирлар изчил давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.